Интернет ва мобил алоқа сифати яхшиланмоқда
Сирдарё вилоятида аҳолини сифатли ва барқарор интернет билан таъминлаш, мобил алоқа қамровини кенгайтириш ҳамда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. 2025 йилда вилоят ҳудудида 269 та янги таянч станцияси ўрнатилиб, 66 таси модернизация қилинган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида яна 57 та станция ишга туширилиб, 147 тасида янгилаш ишлари олиб борилди.
Бу ҳақда телекоммуникация соҳасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган пресс-турда маълум қилинди. Унда ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар вилоятдаги рақамли инфратузилманинг бугунги ҳолати, янги лойиҳалар ва аҳолига кўрсатилаётган алоқа хизматлари билан яқиндан танишди.
Пресс-тур аввалида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Сирдарё вилояти ҳудудий шўъбаси бошлиғи Абдуқодир Бобоев ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси (Ўзкомназорат) Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Элбек Абдуғаниев соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.
Бугун интернет ва мобил алоқа хизматлари инсоннинг кундалик ҳаёти, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик ва давлат хизматларидан фойдаланишда муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис тармоқларни кенгайтириш билан бирга, уларнинг техник имкониятларини ошириш, юкламани камайтириш ва хизмат сифатини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Мобил алоқа операторлари томонидан 2025 йил давомида вилоят ҳудудида 269 та янги таянч станцияси ўрнатилди. Мавжуд тармоқларнинг сиғими ва қамровини ошириш мақсадида 66 та станция модернизация қилинди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 57 та янги станция ўрнатилиб, 147 тасида модернизация ишлари бажарилди.
Бу ишлар, айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, янги турар жой массивлари ва мобил алоқага талаб юқори бўлган манзилларда сезиларли аҳамият касб этади.
Вилоятда оптик толали алоқа тармоқларини кенгайтириш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда. «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан 2025 йил давомида 2 минг 600 километр оптик толали алоқа линияси тортилди. 2026 йилнинг ўтган даврида эса яна 1 минг 435 километр линия қурилди.
Айни йўналишдаги ишлар 2025–2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурларида ҳам белгиланган. Унга кўра, Сирдарё вилоятида жами 3 минг километр алоқа линияси қурилиши, шундан 2025 йилда 1 минг 300 километр, 2026 йилда 1 минг 700 километр тармоқ барпо этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, вилоятнинг шаҳар ва туманларида 118 та таянч станциясини ўрнатиш ва модернизация қилиш белгиланган.
Оптик толали тармоқларнинг кенгайиши юқори тезликдаги интернет хизматларини аҳоли хонадонлари, давлат ташкилотлари, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказиш имкониятини оширади.
Кенг полосали интернет тармоқларини ривожлантириш бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. 2026 йилнинг ўтган даврида вилоятда 3 мингдан ортиқ кенг полосали уланиш порти ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 166 минг 237 тага етказилди.
Бу рақамлар ортида аҳолининг интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётгани кўринади. Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш, масофавий таълим, онлайн мулоқот, электрон тижорат ва рақамли бизнес хизматларининг ривожи ҳам бевосита телекоммуникация тармоқларининг барқарор ишлашига боғлиқ.
Магистрал автомобиль йўлларида мобил интернет қамровини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-34, М-39, А-373 ва А-376, шунингдек, давлат аҳамиятидаги 4Р-18, 4Р-25, 4Р-26, 4Р-27, 4Р-28, 4Р-29, 4Р-30, 4Р-31, 4Р-32 ва 4Р-44 автомобиль йўлларида мобил интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу автомобиль йўлларида мобил интернет қамрови «Билайн»да 85 фоиз, “Mobiuz”да 95 фоиз, «Ucell»да 94 фоиз ва «Ўзмобайл»да 95 фоизни ташкил этади.
[gallery-31702]
Пресс-тур иштирокчилари Гулистон шаҳрининг Бўстон ва Истиқлол маҳаллаларида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Бу ерда аҳоли хонадонлари, савдо ва ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллага кириш-чиқиш йўлаклари ҳамда савдо нуқталарида ўрнатилиши режалаштирилган видеокузатув камераларини интернет тармоғига улаш учун саккиз толали оптик линия тортилаётгани кўрсатилди. Мазкур ишларни «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Жанубий-ғарбий филиали 12-боғлама телекоммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш гуруҳи мутахассислари амалга оширмоқда.
— Гулистон шаҳрининг Бўстон ва Истиқлол маҳаллаларида аҳоли телекоммуникация хизматлари билан таъминланган. Янги тортилаётган саккиз толали линия орқали 150 дан ортиқ хонадон, бино ва иншоот, аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш шохобчалари ҳамда қўриқлаш объектларини интернет тармоғига улаш имкони пайдо бўлади. Ҳозир ишлар давом этяпти. Асосий мақсад — аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, — дейди «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Жанубий-ғарбий филиали 12-боғлама телекоммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш гуруҳи бошлиғи Мурод Файзуллаев.
Шундан сўнг журналистлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши биноси ҳудудида жойлашган таянч станцияси фаолияти билан танишишди.
Мутахассислар станциянинг ишлаш тартиби, сигнал тарқатиш жараёни ва хавфсизлик талаблари ҳақида маълумот берди. Алоқа станциялари орқали тарқатиладиган радиочастота сигналлари белгиланган меъёрлар асосида назорат қилиниши таъкидланди.
— Алоқа станциялари орқали тарқатиладиган сигналлар белгиланган меъёрлар асосида назорат қилинади. Аҳоли орасида бундай станциялар инсон саломатлигига таъсир қилади, деган турли фикрлар учрайди. Лекин станциялар белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда ишлайди. Биз ҳам соҳада ишлаймиз ва бу жараёнда хавфсизлик меъёрларига амал қилинишига эътибор қаратамиз, — дейди «Ucell» уяли алоқа компаниясининг Сирдарё вилояти минтақавий бош мутахассиси Темур Умаров.
Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари, журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга масъуллар жавоб берди. Хусусан, интернет тезлиги, мобил алоқа қамрови, янги таянч станциялари ўрнатилиши, тармоқларни модернизация қилиш ва аҳоли мурожаатлари асосида хизмат сифатини яхшилаш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА