Бошқа инсонлар чекаётган дард-аламлар ёки уларнинг камситилишларини кузатиб туриш инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатади. Ҳолат қўрқинчли бўлишига қарамай, биз бу вазиятни томоша қилишда давом этамиз.
Инсонларга кучли ҳис-туйғулар ва бундай ҳиссиётларни келтириб чиқарувчи кечинмалар ёқади. Зўравонлик баъзиларда раҳм-шафқат ва қайғуриш ҳиссини пайдо қилса, айримларни қўрқитиши, яна бировларда нафратнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шу боис, зўравонлик ҳолатларини кўрсатиш кимлар учундир айни муддао ҳисобланади ва у ҳатто оммалашиб бормоқда. Интернет тармоғида у бутун бошли жанрни яратди. Миллионлаб обуначиларига эга ўнлаб ёш блогерлар ўзларининг фақат зўравонлик саҳналари акс этган каналларини очишди. Уларнинг асосий аудиторияси – мактаб ўқувчиларидир. Улар бундай саҳналар қандай суратга олиниши ва уларни саҳналаштирувчиларнинг нечоғлик носоғлом ва ахлоқсиз эканликлигини тушунмайди ҳам. Кадрдаги инсонни камситиш саҳнаси уларга қандайдир табиий жараён, довюраклик ва ёшларга хос ҳатти-ҳаракатдек туюлади. Ўзларини пранкерлар деб атайдиган ушбу шахслар гўёки жасурлик ва ижодкорлик намунасига айланмоқда.
МДҲ мамлакатларидаги машҳур блогерлардан бири россиялик пранкер Субхан Мамедов (СУБО). Айни пайтда Instagram саҳифасида унинг 8,9 миллион нафар, YouTube каналида қарийб бир миллионга яқин обуначиси бор. Хўш, у қандай қилиб шунча одамнинг эътиборини жалб қила олди? Унинг каналлари ва аккаунтлари турли “ҳазиллар” билан тўла. У ёлғиз юрадиган ўткинчиларни кузатиб юради, уларни камситиб, жанжал чиқаришга ҳаракат қилади. Бу каби бошқа видеороликларда бўлганидек, қурбонларнинг ушбу ҳолатдан қаттиқ таъсирланиши яққол кўзга ташланади. Кутилмаган яширин иғво вазиятида одамлар нима қилишини билмай қотиб қолишдан ҳам кўра кўпроқ, саросимага тушади, ҳатто қўрқиб кетади. Блогернинг “ов”ига жасур ёки агрессив қурбон тушиб қолгудек бўлса, кадрда Субхан Мамедовнинг ёнини оладиган “ғамхўр ўткинчилар” пайдо бўлади. Бу пранкерлар томонидан эмас, профессионал операторлар томонидан ўйлаб топилган типик телевизион ҳийладир.
Ҳозирги кунда ўткинчи фуқароларни камситиш ёки дўппослаш билан боғлиқ деярли барча пранклар шу тарзда суратга олинмоқда. Бир гуруҳ йигитлар жабрланувчи ўткинчига тажоввуз қилади, кадрда эса, фақат битта блогер кўринади. Жабрланувчи инсонга керакли даражада таъсир ўтказиш учун суратга олиш жараёнида турли хил ёндашувлар талаб этилади. Бундай видеоларни суратга олиш шартлари ва унинг ахлоқий мазмунини ўсмирларга тушунтириб бўлмайди, шу боис бу блогернинг кузатувчилари сони тобора ошиб бормоқда. У ҳозирда МДҲ нинг барча мамлакатларида истиқомат қилаётган миллионлаб ёшлар учун у қаҳрамон ва намунали инсонга айланган. Айни дамда у бу жанрнинг энг машҳур вакили ҳам эмас. Бундайлар интернет тармоғида кўплаб топилади.
Баъзан зўравонликни тарғиб қилувчи блогерлар ҳатти-ҳаракатларига муносиб жавоб олади. Шунга мисол бўла оладиган сўнгги йиллардаги энг машҳур воқеа Mellstroy (Мэллстрой) номи билан танилган белоррусиялик блогер Андрей Бурим номни билан боғлиқ. У ўзининг YouTube каналида бадахлоқлар тўдасини тўплаган. Унинг атрофида ҳар қандай жинниликка тайёр энг одобсиз, бироқ интернет тармоғида машҳур бўлган носоғлом, бадхулқ фриклар йиғилган. У ичкибозликлар, жанжаллар уюштирган, бундай йиғинларга таклиф этилган меҳмонлар, ҳатто дўстларини ҳам масхара қилган, ҳатто калтаклаган. Мэллстрой ўз шоусида қатнашиши учун машҳур блогерларга миллионлаб рубль пул тўлаган. Унинг ҳашаматли ҳаёти 2020 йилда томошага чақирилган қизнинг юзини стол устига уриши билан тугайди. Шу воқеадан сўнг барча реклама берувчилар у билан ҳамкорлик қилишни тўхтатади. Унга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилади ва у YouTube каналида видео жойлаш ҳуқуқидан бутун умрга маҳрум қилинади. Энди у қандай канал яратмасин, ҳаммаси YouTube маъмурияти томонидан шу заҳотиёқ ўчириб ташланади. Миш-мишларга қараганда, ҳозирги кунда бу блогер бутунлай хонавайрон бўлган.
Хўш, нега унда бундайларнинг кўпчилиги жазога тортилмайди?
Жавоби оддий. Пул учун! Ундайларнинг таниш-билишлари ва пули кўп. Ана ўшалардан бири Эдвард Бил ҳам аслида бир неча марта қамоққа олиниши керак эди.
Жазоланмаслик эса тақлид қилувчиларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Интернет оламига энди кириб келаётган минглаб янги блогерлар бу кабиларнинг йўлини тутмоқда.
Яқиндагина Самарқанд шаҳрида уяли телефон камераси орқали суратга олинган видеоролик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Унда ўсмир йигит ўткинчи кекса кишини бошига тепиб, қочиб кетиши акс этган. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат билан қизиқди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари видео қатнашчиларини тезда топишди. Айдборлар ҳатто яширинишга ҳам уринишмаган эди. Маълум бўлишича, 14-ёшли ўсмир ТикТок каналига видео жойлаш мақсадида бу ишни қилган. Юз бераётган воқеаларни унинг дўсти суратга олиб турган. Ҳуқуқ-тарғибот органи ходимлари “экстремал” ҳазилни қадрламади. Фақат уларни жазолаш масаласи очиқ қолмоқда. Зўравонликни тарғиб этаётган ўсмирларни қандай жазолаш керак?
Зўравонлик инсонда қарама-қарши ҳис-туйғуларни пайдо қилади. Биз унга қарши курашиш билан бирга, унинг оммалашувига ҳам сабабчи бўляпмиз. Бу зўравонликни даромад келтирувчи бизнесга айлантирадиган паразитларга жуда қўл келмоқда. Зўравонлик акс этган видеолар томоша қилинар экан, бундай видеолар баъзи ҳаромтовоқларнинг даромад манбаига айланган ҳолда, суратга олинаверади. Биз зўравонликка бўлган талабни жиловлаш орқали бу ахлоқсизликка қарши курашишимиз мумкин.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА