Интернет ривожи бўйича парламент сўрови юборилди
Парламент қуйи палатаси мажлисида рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовга «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг 2026 йилга мўлжалланган айрим мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, замонавий телекоммуникация инфратузилмасини шакллантириш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет алоқаси билан қамраб олиш ҳамда рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасида давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилган. Шу боис, интернет инфратузилмасини изчил ривожлантириш, аҳоли пунктларини сифатли ва юқори тезликдаги интернет билан қамраб олиш, интернет хизматларининг барқарорлиги ва сифатини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари қаторида халқаро аҳамиятга эга автомагистрал йўлларда мобил интернет билан қамров даражасини 96 фоизга, аҳоли пунктларининг оптик толали алоқа линиялари билан қамровини 98,2 фоизга, халқаро интернетга уланиш тезлигини эса 4 500 Гбит/сга етказиш назарда тутилган. Ўзбекистонда интернет инфратузилмасини кенгайтириш бўйича сўнгги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, халқаро интернетга чиқиш шлюзларининг умумий ўтказувчанлик қуввати 2017 йилдаги 94 Гбит/сдан - 2025 йилда 4 400 Гбит/сга етказилди. Бу эса рақамли инфратузилманинг техник имкониятлари сезиларли даражада кенгайганини кўрсатади. Шу билан бирга, инфратузилмани ривожлантириш билан бир қаторда, аҳоли учун интернет хизматларининг сифати ва қамровини кенгайтириш жуда муҳим.
Айниқса, чекка ҳудудлар, ижтимоий объектлар ва транспорт йўналишларини тезкор ва барқарор интернет билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудлар ва ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет, аҳоли пунктларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш, халқаро аҳамиятга эга автомагистрал йўлларни мобил интернет билан таъминлаш, аҳоли пунктларининг оптик толали алоқа линиялари билан қамровини ошириш, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг 2026 йилга белгиланган мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Рақамли технологиялар вазирига парламент сўрови юборилди.
ЎзА