Жорий йилнинг 1 май кунидан 30 майигача Тошкент вилояти ҳудудида таркибида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни аниқлаб фош этишга қаратилган “Қора дори-2024” кенг қамровли кучайтирилган назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, тадбир доирасида вилоят ИИББ ва ҳудудий ходимлари томонидан тунги соат 01:00 ларда Нурафшон шаҳар Ёшлик маҳалласи ҳудудида шубҳали ҳаракатлари учун тўхтатилиб, текширилган 1988 йилда туғилган шахснинг ёнида 70 граммдан ортиқ синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда ушбу воситани қадоқлаш учун фойдаланиладиган анжомлар борлиги аниқланган. Уларнинг барчаси далилий ашё сифатида олинган.
Тадбир давом эттирилганда ушланган шахс аслида онлайн иш қидириб психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан онлайн савдо қилувчи телеграм каналини учратгани ва ҳозир ўзига юборилган моддаларга кимёвий ишлов бериш йўли билан гиёҳванд, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддани тайёрлаганини айтган. Шу билан бирга, уни катта дозаларда пакетларга жойлаштирувчи бўлиб ишлаётгани ҳам аниқланган.
Оғуфурушлар занжирига чек қўйиш мақсадида давом эттирилган тадбирда яна 3 нафар шахс қўлга олиниб, улардан 270 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳужжатлаштирилиб олинган.
Маълум бўлишича, гуруҳда ҳар бир шахснинг вазифаси бўлган. Кимдир гиёҳвандлик моддаларига кимёвий ишлов беради. Бошқаси қадоқлайди, яна бошқа шахс эса етказиш ва хуфиёна жойга яшириш билан шуғулланган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 4 нафар шахс ушланиб, қора бозордаги тахминий нархи 300 миллион сўм бўлган синтетик гиёҳвандлик воситалари муомаладан олинди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири