Интенсив боғдорчилик ривожланишда
Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Дамобод маҳалласида Президентимизнинг 2026 йил 9 июндаги “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов боғдорчилик йўналишида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Наманган вилоятининг Чуст туманида жорий йил давомида 14 гектар майдондаги эскирган ва самарасиз боғлар ўрнига саноатлашган интенсив боғлар барпо этиш режалаштирилган.

Тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиз раҳбарининг фармонида белгиланган вазифалар ҳамда боғдорчиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Қайд этилганидек, 2026 йил 1 июлдан боғ яратишга доир ҳужжатлар асосида эскирган боғларни янгилаш ва саноатлашган интенсив боғларни барпо этишни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги тартиблари жорий этилди.

Хусусан, тижорат банклари орқали етти йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада миллий валютада ҳар бир гектарга 120 миллион сўмгача миқдорда кредитлар ажратилади.
Халқаро молия институтларининг мева-сабзавотчилик соҳаси учун жалб қилинган ресурслари ҳисобидан очилган кредит линиялари бўйича тадбиркорларга миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг йиллик ставкаси 14 фоиз этиб белгиланади.

Чет эл давлатларидан “in-vitro” усулида етиштирилган ва сертификатга эга мевали кўчатларни импорт қилиш учун тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари орқали 18 ойгача муддатга миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада, ҳар бир мевали кўчат учун беш долларгача эквивалентида кредитлар ажратилади.

Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятида 45 минг гектар боғ мавжуд. Лекин, мева экспорти кўнгилдагидек эмас. Ҳозирда 18 минг гектар эски боғ ўрнида янги, замонавий интенсив мевазорлар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Соҳада вилоят салоҳиятидан етарли фойдаланилмаяпти. Айни шу масалани чуқур ўрганиб, хулоса чиқариш керак.
Тадбир давомида фермер хўжаликлари раҳбарларига мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, эскирган боғларни босқичма-босқич янгилаш, улар ўрнида замонавий саноатлашган интенсив боғлар ташкил этиш ҳамда соҳада белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.