Институтда янги ўқув бино ва марказлар очилди
Юртимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрлик ифодаси ҳамда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Наманган давлат педагогика институтида замонавий талаблар асосида янгиланган саккиз ўқув биноси, регистратор офиси ва инновациялар маркази очилди.
Тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, институт ректори Баҳодир Ҳусанов йиғилганларни истиқлол айёми билан табриклаб, Янги Ўзбекистонда таълим соҳаси, хусусан, педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ёшлар учун замонавий ва муносиб таълим муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, фахрийлар иштирокида рамзий тасма кесилиб, янги таълим масканлари расман фойдаланишга топширилди. Меҳмонлар институтда яратилган янги инфратузилма ва сифатли таълим имкониятлари билан яқиндан танишди.

Даставвал, замонавий талаблар асосида янгиланган ўқув биноси, шунингдек, талабаларга хизмат кўрсатиш жараёнларини қулай ташкил этишга мўлжалланган регистратор офиси ҳамда янги ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи инновациялар маркази кўздан кечирилди.
Регистратор офисида талабаларга сифатли хизмат кўрсатиш, ўқув жараёни билан боғлиқ мурожаатларни тезкор ҳал этиш, ҳужжатлар ҳамда академик жараёнларни рақамлаштириш учун яратилган имкониятлар намойиш этилди.

Инновациялар марказида эса талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларнинг инновацион ғоялари, илмий ишланмалари ва истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, янги ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш учун яратилган замонавий инфратузилма билан танишилди.

“Мактабгача, бошланғич ва педагогика олий мактаби” биносининг тантанали очилишидан кейин, институтда яратилган замонавий таълим ва инновацион имкониятлар билан яқиндан танилди. Унда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, инновацион таълим технологияларини ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш, илмий фаолиятни янада ривожлантириш ҳамда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, инновацион “СТEАМ” лабораторияси фаолияти кўздан кечирилди. Унда талабаларнинг назарий билимларини амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш, замонавий технологиялар асосида тажриба ва лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар тахт қилинган.

Шунингдек, “Мактабгача таълим: тажриба-синов майдони” ҳамда “Болани ривожлантирувчи технологиялар маркази”да бўлажак педагогларнинг касбий ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, болалар билан ишлашнинг замонавий методларини ўргатиш учун яратилган шароитларга юқори баҳо берилди.

Қолаверса, “Япония таълим маркази” фаолиятини кўздан кечириш чоғида, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва илғор ёндашувларни таълим жараёнига татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар кутилган натижасини бериш учун астойдил интилиш лозимлиги қайд қилинди.

Бундан ташқари, институтда ташкил этилган Ўзбекистон Халқ шоири Ҳабиб Саъдулла номидаги бадиий тафаккур маскани, “Маърифат боғи”, “Мутолаа маскани”, илмий ишланмалар кўргазмаси ва медиа марказ фаолияти ҳам таҳсинга сазовор.

Тадбир якунида иштирокчиларга мустақиллик байрамига бағишлаб нашр этилган, институтнинг 2022-2026 йиллардаги фаолияти ва муҳим тарихий воқеаларини ўзида мужассам этган “Солнома” китоби тақдим этилди. Олийгоҳнинг янги фойдаланишга топширилган биносида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, унинг аввалги ва бугунги қиёфасини акс эттирувчи видеоролик намойиш қилинди.

Наманган давлат педагогика институти учун барпо этилган бундай масканлар таълим, илм-фан ва инновацияларни янги босқичга олиб чиқиш, бўлажак педагоглар учун муносиб ва қулай таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.