“Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир.” Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу ҳикматомуз сўзлари ҳеч бир даврда ўз долзарблигини, аҳамиятини йўқотмайди. Дарҳақиқат, тарбия, тартиб-интизом, маънавий юксаклик ҳамма вақт, ҳар жойда, ҳар қандай ҳолатда ўз сўзини айтади.
Афсуски, сўнгги кунларда Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда айрим юртдошларимиз томонидан содир этилган номақбул ҳолатлар, оммавий уруш-жанжаллар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хорижий давлатларда қонунбузарлик, ҳуқуқбузарлик, безорилик содир этадиган бундай юртдошларимиз, таассуфки, нафақат ўзининг, балки бутун Ўзбекистонимизнинг номига, шаънига доғ туширади. Бир ёқда фаол ёшларимиз илм-фан ва спортда мамлакат шарафини ҳимоя қилиб, байроғимизни баланд кўтараётган бир пайтда айрим ахлоқсиз ватандошларимизнинг бундай номақбул ҳаракатлари ачинарлидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Жамиятда фуқароларимизнинг одоби, хулқи ва ахлоқий фазилатлари” мавзусида ташкил этилган мунозарада айни шу каби ҳолатлар партия вакиллари, депутатлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугун мамлакатнинг, миллатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги тутган ўрни, нуфузи нафақат унинг қадриятлари, маданияти, мамлакатнинг ички ислоҳотлари, ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ, балки фуқароларининг фаолияти, турмуши, улар яшаётган мамлакат ва жамиятдаги қонун-қоидаларга риоя этиши, маданияти ва шахсий одобига ҳам боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан юртимиз ва хорижда яшаётган ҳар бир ўзбек фуқаросининг хатти-ҳаракати, одоби ва ахлоқий қиёфаси унинг шахсий обрўси билан бирга миллатимизнинг шаъни ва халқаро саҳнадаги имижига бевосита таъсир кўрсатади.
[gallery-23102]
Илм-фан, маданият хазинасига улкан ҳисса қўшган аждодларга ворис ўзбек халқи азалдан ўзининг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги, олижаноблиги билан танилган. Юртимизга келган ҳар қандай меҳмон халқимизнинг самимияти, қонунларга ҳурмати ва инсонпарварлигини эътироф этади. Булар бизнинг ажралмас қадриятларимиздир.
Мунозара давомида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар доктори Шерзодхон Қудратхўжа, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳамедова ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳриддин Мавлонов хориждаги ватандошларнинг миллатимиз шаънига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлари барчани ташвишга солаётганини қайд этди.
Уларнинг таъкидлашича, бугунги кунда ёш авлодни маънан баркамол қилиб тарбиялаш жараёни ота-оналарнинг фарзандлари билан мунтазам равишда мулоқотда бўлиши, уларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиши, ёшларнинг ахлоқий қадриятларини шакллантиришига бевосита алоқадор масаладир. Ёшларимизни маънавий ва ахлоқий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарур.
Шу билан бирга, ҳалоллик, ор-номус, ўзгаларга ҳурмат, меҳнатсеварлик, инсонлар ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватан шаънини ўйлаш — буларнинг бари инсон учун ахлоқий мезон вазифасини ўташи керак. Миллий қадриятлардан узоқлашиш эса инсон қалбида маънавий бўшлиқни пайдо қилади.
Шундай экан, миллий қадриятларимизни оиладан, маҳалладан, таълим жараёнларидан бошлаб фарзандларимиз онгу шуурига сингдириш лозимлиги қайд этилди. Айниқса, миллий қадриятлар, тарих, одоб-ахлоқ меъёрлари айнан китоблар – мумтоз адабиётимиз, тарихий манбалар, диний-маърифий асарлар орқали авлоддан-авлодга ўтиб, сайқалланиши таъкидланиб, ёшларни китобхонликка янада кенг жалб этиш зарурлиги айтилди.
Шунингдек, мунозарада фуқаролар ўртасида, шу жумладан, хорижда юртдошларимиз томонидан жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш борасида ҳам сўз борди.
Музокаралар давомида бу каби муаммоларга, миллат шаънига доғ бўладиган ҳолатларга қарши биргаликда курашиш ва олдини олиш бўйича ҳар бир оила, маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини, масъулиятини кучайтириш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА