“Инсон учун” инклюзив марафони: тенглик ва ҳамжиҳатликка чорлов
Қашқадарё вилоятида “Инсон учун” шиори остида инклюзив югуриш марафони юқори кайфият ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда жами 300 нафарга яқин кўриш, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган, шунингдек, таянч-ҳаракат аъзолари чекланган фуқаролар фаол иштирок этди.
Марафон нафақат спорт мусобақаси, балки инсон қадрини улуғлаш, жамиятда тенг имкониятлар муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ижтимоий ташаббус сифатида аҳамият касб этди. Турли ёш тоифалари ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган йўналишлар иштирокчиларга ўз салоҳиятини намоён этиш имконини берди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзаро қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатлик ва ирода намунасини кўрсатди. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг фаоллиги ва интилиши барчага руҳий куч бағишлади. Бу эса жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан эътибор ва ҳурматни янада оширишга хизмат қилди.
Якуний натижаларга кўра, турли тоифалар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар муносиб рағбатлантирилди. Ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай тадбирлар аҳолининг барча қатламларини қамраб олган ҳолда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, айниқса, имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, бу каби ташаббуслар жамиятда бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қайд этиш жоиз, юртимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур марафон ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамиятли бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири