Инсон саломатлиги йўлидаги муҳим қадамлар
Сўнгги йилларда Тошкент вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этиш борасида қатор ўзгаришлар амалга оширилиб, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда
Жумладан, 2017 йилда вилоятда 238 та тиббиёт муассасаси фаолият юритган бўлса, ҳозир уларнинг сони 264 тага етди. Шифокорлар сони 4 минг 320 нафардан 5 минг 130 нафарга кўпайди. Тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиали фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ҳудудда соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёжни қондириш, ёш кадрларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Ўз навбатида тиббий хизмат сифати, аввало, зарур ташхис қўйиш имкониятлари ва замонавий ускуналар билан таъминланганликка боғлиқ. 2017 йилда магнит-резонанс томография текшируви фақат Зангиота ва Олмалиқ туманларида мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бундай имкониятлар вилоятнинг 15 та туман ва шаҳрида йўлга қўйилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Кейинги уч йилда соҳага йўналтирилаётган маблағлар 5 баробар кўпайиб, 3 триллион сўмга етди. Тиббиёт ходимлари иш ҳақи ҳам шу даврда 5 баробар оширилди.
Тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ўтган даврда “Ishonch-2030” дастури доирасида 108 миллиард сўмлик тиббий ускуналар харид қилинди. Корея томони гранти асосида эса 71 миллиард сўмлик 35 турдаги 832 та тиббий жиҳоз етказиб берилди. Шунингдек, 18 миллиард сўм маблағ эвазига тўрт қаватли вилоят қон қуйиш маркази ташкил этилди. Тери саратонини эрта аниқлашга мўлжалланган сунъий интеллект тизимини жорий этиш учун 1,3 миллиард сўм йўналтирилди.

Соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш кўлами ҳам кенгайгани сари вилоятдаги 264 та тиббиёт муассасаси DMED тизимига уланди. Шу билан бирга, 930 та дорихона билан интеграция йўлга қўйилиб, “Электрон рецепт” ва “Реимбурсация” тизимлари жорий этилган. Тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш мақсадида 65 миллиард сўм маблағ сарфланиб, чақирувларни қабул қилиш маркази ташкил этилди. Хизмат автопарки тез тиббий ёрдам автомобили билан таъминланди. Уларнинг 20 таси хориждан келтирилган.

— Тиббиётдаги бу каби ўзгаришлар нафақат муассасалар сони ва жиҳозлар билан, балки мураккаб жарроҳлик амалиётларини маҳаллий шароитда бажариш имкониятлари ортиб бораётгани билан ҳам аҳамиятлидир, — дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева. — Вилоят шифокорларининг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида 79 нафардан ортиқ мутахассис Россия, Хитой, Корея ва Туркияда малака оширди. Шунингдек, чекка ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун 31 нафар шифокор фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар амалга оширилди. Юқори Чирчиқ туманида эса 105 та артроскопик ва торакоскопик операция ўтказилди.
Чирчиқ шаҳрида туғилганидан тўққиз соат ўтиб қўшалоқ эгизакларни ажратиш операцияси муваффақиятли амалга оширилди. Бекобод шаҳрида 2 та аортокоронар шунтлаш ва болаларда 5 та очиқ юрак операцияси бажарилди. Умуман олганда, шу пайтгача вилоят бўйича 748 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлиб, уларнинг 511 таси болалар ҳиссасига тўғри келади. Бу умумий кўрсаткичнинг 68 фоизини ташкил этади.
Шу билан бирга, эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,6 миллиард сўм ажратилиб, 60 нафар беморга эндопротез ўрнатиш амалиёти бажарилди.

Вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам кенгайиб бормоқда. Айни пайтда ҳудудда 1 минг 15 та хусусий тиббиёт муассасаси ишламоқда. Улар бир йилда 640 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Сўнгги даврда 7 та клиникага 3,5 миллион доллар инвестиция киритилди. Хорижда фаолият юритган 18 нафар малакали шифокорнинг юртимизга қайтиб, соҳага ҳисса қўшаётгани ҳам эътиборга молик. Жорий йилнинг тўққиз ойида вилоят тиббиёт муассасаларида 12 минг нафар хорижий фуқарога хизмат кўрсатилди.

Вилоят тиббиётининг келгуси тараққиётида йирик инфратузилма лойиҳалари ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, Президентимизнинг бу йил июль ойида Нурафшон шаҳрига ташрифи давомида 700 ўринли кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишига тамал тоши қўйилди. Мазкур марказнинг барпо этилиши ҳудудда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар имкониятларини кенгайтириш, мураккаб касалликларни ташхислаш ва даволаш учун янги шароитлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аслида тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг асосий мезони аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва инсон саломатлигини асрашдир. Шу маънода, вилоятда тиббий инфратузилмани ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА