Шу кунларда бутун юртимизда бўлгани каби андижонликлар ҳам байрамлар шукуҳи билан яшамоқда.
Наврўзи олам, Муборак Рамазон ҳайити, қолаверса, юртимиздаги тинчлик, меҳр-оқибат, миллатлараро дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тарғиботи сифатида вилоятнинг кўплаб маҳаллаларида ўтказилаётган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар уларнинг қалбига кўтаринкилик, хуш ва байрамона кайфият улашмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Марҳамат тумани Қушчи маҳалласида жойлашган “Буюк маскан” дам олиш масканида бўлиб ўтди.
Тумандаги корхона, ташкилот, муассасалар жамоалари, туман маҳаллаларида истиқомат қилаётган ўзбек, тожик, қирғиз ва бошқа турли миллат вакиллари иштирокида “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда” шиори остида ўтган байрам тадбири халқимиз жипслигининг, миллатлараро дўстлик ва аҳилликнинг ҳақиқий намойиши бўлди.
–Тинч, озод ва обод юртимизга байрамлар ярашади, – дейди “Нуроний” уюшмаси Марҳамат туман бўлинмаси раҳбари Муҳаммадзокир Эргашев. – Чунки юртимизда аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшаётган турли миллат вакиллари ягона мақсад йўлида бирлашиб, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Иқтисодиёт, маънавият, илм-фан, қўйингки, жамиятимизнинг барча жабҳалари юксалиб, ҳаётимиз кундан-кунга фаровон бўлиб бормоқда. Бунинг замирида, энг аввало, Юртбошимизнинг оқилона сиёсати, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, халқимизнинг, турли миллатларнинг ўзаро аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги ётади.
Турли маданий, кўнгилочар дастурлар, халқ ўйинлари, маърифий чиқишлар, самимий суҳбатлар шаклида ўтган тадбирда халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона муносабатлар яна бир бор ўз аксини топди.
–Менинг миллатим қирғиз, – дейди Марҳамат туманидаги 34- ўзбек-қирғиз умумтаълим мактаби ўқитувчиси Қизлархон Азимова. – Лекин Ўзбекистондай жаннатмонанд юртда туғилдим, ўсдим, оилали бўлдим. Бугун уч нафар фарзандим бағримда вояга етмоқда. Бутун дунё ҳавас қилса арзийдиган тинч-осойишта юртимизда эмин-эркин яшаб, меҳнат қиляпман.
Шу ўринда таъкидлашим керакки, вилоятимизда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароит яратиб берилган. Қирғиз миллий маркази вилоят бўлими ташаббуси билан миллий байрамларимиз, дўстлик фестиваллари доимий равишда ўтказиб келинади. Бундан ташқари, бугунги кунда вилоятдаги битта давлат ихтисослашган умумтаълим мактабида таълим тўла қирғиз тилида олиб борилади, 20 та мактабда қирғиз тилида ўқийдиган синфлар бор. Андижон давлат педагогик институти филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида эса қирғиз миллати ёшлари таҳсил олмоқда. Масалан, мен ҳам ана шу олийгоҳни тамомлаб, бугун ёшларга ўзбек ва қирғиз тилларидан сабоқ бераман.
Бир сўз билан айтганда, турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда. Айниқса, ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги абадийдир.
Байрам тадбирида қўйлар сўйилиб, дошқозонларда палов дамланди. Бир дастурхон атрофига йиғилганлар юртимизга тинчлик-тотувлик тилаб дуога қўл очдилар.
–Энг аввало, юртимиздаги тинчлик, хотиржамликка шукроналар келтиришимиз керак, – дейди Эрши маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Арафатхон Қурбонова. – Очиғи, бугун интернетни, телевидениени кузатиб, дунёнинг турли жойларида бўлаётган уруш, қирғинборотлар, юз бераётган табиий офатлардан азият чекаётган одамлар, аёллар, болаларни кўриб, қалбимизни ваҳима босади. Шукрки, Аллоҳ азиз қилган юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон, тўкинлик, файзу барака бисёр. Оиламиз тинч, фарзандларимиз бағримизда.
[gallery-22556]
Бахт аслида тинчлик, хотиржамлик, файзу баракада эмасми? Юртдошларимиз, айниқса, биз – аёллар, оналар учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Шахсан мен мана шундай тинч, фаровон, инсон қадри улуғланаётган юрт фарзанди эканлигимдан, шундай юртда яшаётганлигимдан фахрланаман. Юртимизда тўю тантаналар, байрамлар бардавом бўлсин.
Одамларга кўтаринки кайфият, байрамона шукуҳ улашаётган бу каби тадбирлар шу кунларда Андижон вилоятидаги 94 маҳаллада бўлиб ўтади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов, (сурат), ЎзА мухбирлари