Инсон қадри ҳамма нарсадан устун
Эътироф этиш керак, амалдаги қонунларимиз “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат” тамойили асосида тобора такомиллашиб бормоқда. Буни айрим жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилаётгани, баъзи қонунбузилиш ҳолатлари эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сирасига киритилаётгани ҳам тасдиқлайди.
2023 йилнинг 11 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни халқимиз томонидан илиқ қарши олинди. Мазкур қонун асосида 11 та кодекс ва қонунга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Жиноят кодекси “Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш” дея номланган янги 141-3-модда билан тўлдирилди. Негаки, сўнгги пайтларда ўзаро кўнгилхушлик қилган эркак ва аёлнинг, айниқса, ёш йигит-қизларнинг интим видеотасвир ёки фотосуратларини ошкор этиш билан қўрқитиб, бир-бирига нисбатан товламачилик қилгани кўп бора қулоққа чалинаётганди. Энди эса бундай хатти-ҳаракатлар учун жазо янада қаттиқ бўлади. Яъни шахс танасининг ва (ёки) жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ва (ёки) видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёхуд бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агар ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги 28-1- модда эса мажбурий меҳнатнинг олдини олишга хизмат қилади. Чунки унда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этганлик учун маъмурий жазо қўллаш тартиби белгиланган. Таъкидлаш жоизки, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан саккиз соатдан икки юз қирқ соатгача бўлган муддатга тайинланади. Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, жамоат ишлари ўқишдан бўш вақтда бажарилади.
Ҳуқуқбузарлар ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг турлари мазкур жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар – ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари томонидан белгиланади.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари пенсия ёшига етган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, доимий ишга эга шахсларга, ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар иш ҳақининг эллик фоизи алимент мажбуриятлари бўйича қарзни тўлашга йўналтирилади.
Ҳуқуқбузар жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, суд ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг ўталмаган муддатини ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг тўрт соати учун маъмурий қамоқнинг бир кунига тенг жазо билан ёхуд ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг саккиз соати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг жарима билан алмаштиради. Бунда маъмурий қамоқнинг муддати ўн беш суткадан, жариманинг миқдори эса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ошмаслиги керак.
Жазони ўташдан бўйин товланилган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 59-2-модда билан ҳам тўлдирилди. “Оилавий (маиший) зўравонлик” дея номланган мазкур моддага мувофиқ, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Нодиржон Кимсанов,
жиноят ишлари бўйича Қўқон
шаҳар судининг судьяси