Инсон манфаати йўлида амалий қадам
Ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги навбатдаги сайёр қабули Кегейли ҳамда Тахтакўпир туманларида бўлиб ўтди.
Кегейли туман Ёшлар марказида ташкил этилган сайёр қабулда депутатлар, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда тегишли соҳа масъуллари иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади ва уларни ижобий ҳал этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилади.
Мазкур сайёр қабулнинг асосий мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларни таҳлил қилиш ва самарали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқишдан иборат. Қабул давомида фуқаролардан келиб тушган 50 га яқин мурожаат атрофлича кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ечимлар берилди. Қўшимча вақт ва ўрганиш талаб этадиган масалалар эса тегишли ташкилотлар масъуллари иштирокида назоратга олинди.
Бандликни таъминлаш масаласи ҳам қабулнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Иш сўраб мурожаат қилган 8 нафар фуқаронинг 5 нафари иш билан таъминланди, қолган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар белгиланди. Соғломлаштириш ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича мурожаат қилган 5 нафар фуқаронинг 2 нафарига ногиронлик қўлтиқ таёғи топширилди, 3 нафарига эса даволаниш учун йўлланма берилди. Шунингдек, ёрдам сўраб мурожаат қилган 5 нафар эҳтиёжманд фуқарога депутатлар, туман Маҳалла ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда шу куннинг ўзида уйларига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ҳамда моддий ёрдам етказиб берилди.
Тахтакўпир туманида ўтказилган сайёр қабулда 100 нафарга яқин фуқаро ижтимоий ҳимоя, тиббий ва моддий ёрдам, коммунал хизматлар, кредит ва солиқ, кадастр, кўчаларни тунги ёритиш, йўл инфратузилмаси ҳамда ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар ва депутатлар иштирокида жойида кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Қабулнинг энг қувонарли жиҳатларидан бири тиббий йўналишдаги мурожаатларнинг ижобий ҳал этилгани бўлди. Хусусан, уч нафар фуқарога республика ихтисослаштирилган шифохонасида бепул даволаниш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун йўлланма топширилди.
Қабул давомида ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уч нафар ёшнинг шартнома тўлови бўйича мурожаатлари кўриб чиқилиб, Ёшлар агентлиги томонидан тўлаш учун ваучерлар тақдим этилди. Шунингдек, уч нафар эҳтиёжманд фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари етказиб берилди. Икки нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш бўйича мурожаатлари ҳам ижобий ҳал қилиниб, амалий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди. Бандлик масалалари ҳам эътибор марказида бўлиб, беш нафар фуқаронинг иш билан таъминланишига амалий кўмак берилди ва уларнинг доимий бандлиги таъминланди.
Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларига тезкор ва манзилли ечим топиш ҳамда халқ ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири