
Тошкентда “Инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш” мавзусига бағишланган семинар-тренинг бошланди.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда DVV International, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш Федерал вазирлиги (BMZ), Европа Иттифоқи ҳамда “Интилиш” республика ахборот-таълим маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тренинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларига мўлжалланган.
Мазкур тренингни ўтказишдан мақсад “учинчи сектор” ҳисобланган ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг аҳолининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва имкониятларини кенгайтириш, жумладан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қабул қилинган халқаро стандартлар билан таништириш ва уларни қўллаш кўникмасини шакллантиришдан иборат.
Семинарда давлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга мослаштирилган хизматлар кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини кузатиш режасини тайёрлаш ва амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева инсон ҳуқуқлари таъминланишида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш борасида учинчи сектор вакилларига давлат томонидан етарлича ҳуқуқий асос яратилганини қайд этди.
Шунинг учун ҳам институт ўз фаолияти давомида республика бўйлаб ҳудудлар бўйича фаолият олиб борувчи ННТ вакилларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги миллий ва халқаро нормалар билан таништириш орқали улар салоҳиятини оширишга эътибор қаратмоқда.
[gallery-3454]
– Инсон ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчилик ташкилотларининг ўрни салмоқли,– деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибияти мудири Саидбек Азимов. – Чунки улар ҳам давлат органлари ва ташкилотлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Биз қатор ННТ билан мурожаатлар билан ишлашда ҳам яхши ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоларининг аксарияти нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат. Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларига, тергов ҳибсхоналарга ва бошқа ёпиқ муассасаларига қилинган мониторинг ташрифларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилмоқда.
Маълумотларга кўра, Омбудсман ҳамда Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳи вакилларидан иборат эксперт гуруҳи 2021 йилнинг биринчи ярмида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 71 маротаба (2020 йилнинг биринчи ярмида 41 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.
Тренинг доирасида судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга амалдаги тартиб-қоидалар асосида ижтимоий-маиший шароит яратиш соҳасида тегишли ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аҳамияти ва уларга мослаштирилган хизматлар кўрсатишга оид масалалар бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилди.
Уч кунлик семинар-тренинг интерфаол усулда ташкил этилиб, иштирокчилар фаоллиги, фикр мулоҳазалари, амалий машғулотлардаги иштироки билан бойитиб борилади. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
Н.Абдураимова, ЎзА