Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳамда одил фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ислоҳотларинг муҳим йўналишларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятни таъминловчи ҳуқуқий кафолатлар тизимини яратишга қаратилган. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳар қандай манфаатлардан, ҳатто давлат манфаатидан ҳам устунлигини шакллантирмасдан устувор мақсадларимизни рўёбга чиқариш мумкин эмас. Шунингдек, демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси бу инсон ҳуқуқлари бўлиб, бу ҳуқуқларсиз фуқаролик жамиятини шакллантиришни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли, инсон ҳуқуқлари ва унинг кафолати ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи муҳим мезон ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 январь куни «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармон имзоланди ва ушбу фармон асосида еттита йўналиш ва юз мақсадни ўз ичига олган Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг кейинги беш йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратишга қаратилган бўлиб, ҳеч шубҳасиз, инсон қадри ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва одил фуқаролик жамиятини шакллантиришни тақозо этади.
Жаҳон миқёсида мураккаб жараёнларни ҳамда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, юртимизнинг турли соҳаларини ривожлантиришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси қуйидаги асосий 7 та йўналишни ўз ичига олади:
- Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
- Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
- Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
- Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
- Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
- Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
- Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
Ушбу йўналишларда ҳам жамият ривожланишида ва шаклланиб боришида энг асосий куч бу – инсон ва унинг манфаатлари эканлигини таъкидланади. Асосий қомусимиз бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам айнан шу қоидага таянган ҳолда инсон манфаатлари устунлиги, инсон ва унинг ҳаёти, эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан ҳимоя қилиниши таъкидлаб ўтилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда демократия умуминсоний тамойилларга таянади ва инсоннинг дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб ҳисобланади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимизда олий қадрият ҳимоялаш ҳамда адолатли фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилиш йўлидаги дастур деб айтишимиз мумкин.
Миргиязова Муниса,
Тошкент давлат юридик университети
Хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси