Пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Конституциямизнинг 31 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган танлов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очар экан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробардан ортиқ кўпайганини алоҳида таъкидлади.
Тақдирлаш маросимида 5 та номинация, жумладан, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлар”, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлардаги фаолият”, “Инсон ҳуқуқлари тарғиботи”, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва илмий тадқиқотлар”, шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” йўналишларида қўшган ҳиссаси учун 16 нафар номзод “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирлашга муносиб деб топилди.
Шунингдек, тадбирда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.
[gallery-14896]
Мазкур танлов жорий йил 1 июнда эълон қилиниб, 15 ноябрга қадар давом этди. Бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновацияларни рағбатлантириш орқали аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини янада ошириш, ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбирда қайд этилганидек, танловга талабгорлардан 81 та ариза келиб тушган. Аризалар қуйидаги номинациялар бўйича тақдим этилди.
“Энг яхши расм, мавзу: “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида”, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши видеоролик” , “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши ўқув адабиётлари, “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши мақола, “Инсон ҳуқуқлари билимдони”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши инновацион ғоя муаллифи” ҳамда “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси” мавзуларида аризалар қабул қилинди.
Ҳакамлар ҳайъати аризалар ва ижодий ишларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Натижада 5 та номинация бўйича ғолиблар аниқ бўлди.
Қолган номинациялар бўйича ғолиблар аниқланмади. Чунки танлов Низомига кўра, агар бирор номинация бўйича 3 тадан кам ариза келиб тушса, ўша номинацияда танлов ўтказилмайди.
Шу нуқтайи назардан, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши ўқув адабиётлари” ҳамда “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси” номинациялари бўйича етарлича ариза келиб тушмади. Шу боис ҳакамлар хайъати томонидан мазкур икки номинация бўйича ғолибларни аниқлаш масаласи кўриб чиқилмади.
Тадбир давомида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзуидаги ўқув курсида иштирок этган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган 19 нафар тингловчига ҳам сертификатлар топширилди. Ушбу машғулотлар 2023 йил 14-17 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ижроси доирасида ташкил этилган эди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўқув курсларини ўтказишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар тақдим этилди.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги икки нафар фахрий ходимига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонитопширилди. Ушбу мукофот Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг қарорига кўра тақдим этилди.
Гулноза Бобоева, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА