Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мурожаатлар қандай ҳал қилинмоқда?
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида 2026 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан қандай иш олиб борилди?
Марказ матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев шу ҳақда маълумот берди:
– Жорий йил биринчи ярмида Миллий марказга 554 мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 518 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларга юборилган. 36 мурожаат эса аноним бўлгани сабабли қонунчилик талабларига мувофиқ кўриб чиқилмасдан қолдирилган.
Миллий марказ қабулхонасида ҳисобот даврида 342 нафар фуқаро қабул қилинди. Уларнинг 173 нафаридан ёзма мурожаатлар қабул қилиниб, белгиланган тартибда иш юритувига олинди. 169 нафар фуқарога эса жойида ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Мурожаатларнинг 33,3 фоизи фуқароларни бевосита қабул қилиш жараёнида, 66,6 фоизи эса алоқа воситалари, асосан, почта орқали келиб тушган.
Шунингдек, 17 мурожаат Президент ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Виртуал қабулхоналари орқали, 38 таси Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали қайд этилган.
Мурожаатларнинг 85,3 фоизи ариза, 14 фоизи шикоят ва 0,5 фоизи таклиф сифатида рўйхатга олинган.
Мурожаатлар мазмун жиҳатидан ҳам таҳлил қилинганда, 50,1 фоизи – шахсий, 45,1 фоизи - ижтимоий-иқтисодий, 4,2 фоизи – сиёсий, 0,3 фоизи - маданий ҳуқуқларга оид масалаларни ташкил этди.
Миллий марказ томонидан турли давлат органларига юборилган 149 тавсия кўриб чиқилиши натижасида 25 мурожаат бўйича фуқароларнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
Бундан ташқари, олти ой давомида Миллий марказга телефон орқали мурожаат қилган 1 минг 342 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ҳисобот даврида аҳоли билан сайёр қабул ва очиқ мулоқотлар ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 16-19 март кунлари Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Когон туманларида, 19-22 май кунлари эса Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Миллий марказ вакиллари Асакада 51 нафар, Шаҳрихонда 44 нафар, жами 95 нафар фуқаро билан учрашди. Мурожаатларнинг 26 таси ижтимоий, 46 таси иқтисодий ва 23 таси бошқа масалаларга оид бўлган.
Миллий марказ халқаро йўналишда индивидуал мурожаатлар билан ишлаш борасида ҳам фаолият олиб боради. БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмлари доирасида келиб тушган 3 та индивидуал мурожаат кўриб чиқилди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан, аввало, тегишли вазирлик ва идоралардан зарур маълумотлар олиниб, улар миллий қонунчилик ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Шу асосда БМТнинг тегишли органларига Ўзбекистон Республикасининг расмий ҳуқуқий позицияси тайёрланди.
Ҳисобот даврида мазкур йўналишда муҳим институционал қадам ҳам ташланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 февралдаги тегишли фармони асосида БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари томонидан юбориладиган мурожаатлар ҳамда мулоҳазаларни кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилди.
Мазкур ҳужжат билан давлат органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти кучайтирилди, Миллий марказнинг мувофиқлаштирувчи ваколатлари аниқ белгилаб берилди ҳамда давлатнинг ягона ҳуқуқий позициясини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.
Бу эса халқаро инсон ҳуқуқлари механизмлари билан мулоқотни тизимли ташкил этиш, мурожаатларни белгиланган муддатларда ва сифатли кўриб чиқиш учун қўшимча имконият яратмоқда.
Шу билан бирга, амалиёт таҳлили айрим масалалар ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, баъзи ҳолларда давлат органларидан зарур маълумотларни олиш учун муайян вақт талаб этилади. Сўралаётган ахборотнинг турли форматларда тақдим этилиши эса ягона ҳуқуқий позицияни қисқа муддатларда шакллантириш жараёнига таъсир кўрсатмоқда.
Умуман, 2026 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини янада такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва халқаро механизмларини кучайтириш муҳимлигини кўрсатмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА