Якунига етган 2020 йил барча соҳалар қатори таълим тизимидаги анъанавий жараёнларга ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, олий таълим тизимига қабул учун тест жараёнлари ҳам янгича шакл ва шароитда бўлиб ўтди. Шунингдек, талабалар онлайн ўқиши, фойдаланиши учун онлайн платформа яратилди.
Айни шу масалалар ва ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган фикрлар юзасидан олий ва ўрта махсус таълими вазири Иномжон Мажидов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Олий таълим тизими олдида доимо юқори малакали кадрларни тайёрлашдек масъулиятли вазифа туради, – дейди Иномжон Мажидов. – Пандемия туфайли кўплаб режаларимизни ўзгартириш, таълим муассасаларида анъанавий таълимни масофавий (онлайн) таълим шаклига ўтказишга тўғри келди. Аммо таълимнинг анъанавий ва илғор технологияларига ўтишга бўлган тайёргарлик ишлари бир дақиқа ҳам тўхтамади. Ўтган 2020 йил ҳаммамиз учун синовли бўлди.
Аммо юртимизда пандемиянинг чекинаётгани туфайли талабалар ва уларнинг ота-оналари билдирган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳар бир олий таълим муассасасининг таълим йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда ўқув жараёнини босқичма-босқич 2020 йил 16 ноябрь – душанба кунидан анъанавий таълим шаклида давом эттиришга қарор қилинди.
Таълимнинг анъанавий шаклда ташкил этилиши, албатта, олий таълим муассасаси жамоасига қўшимча масъулият ва вазифалар юклайди. Шу боис ҳам, аввало талабаларнинг соғлиғини асраш, уларнинг сифатли таълим олиши учун етарли шарт-шароит яратиш чоралари кўрилди.
Ҳар бир олий таълим муассасасида ҳудудий Соғлиқни сақлаш бирлашмалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари жалб қилинган ҳолда тезкор штаб ташкил этилди.
Курслар бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилди.
Афсуски, пандемия шароитида яшаш, меҳнат қилиш ва ўқишга кўникишимиз, энг асосийси – фарзандларимиз сифатли таълим олишни давом эттириши учун барча имкониятларни яратишимиз керак. Фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши ва етук кадрлар бўлиб етишиши учун барчамиз бирдай масъулмиз.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ турли гаплар, фикрлар билдирилмоқда. Шу боис таълим жараёнини ташкил этишда ҳафталик ўқув кунлари олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгиланиши хусусида айтиб ўтсам.
Ҳафталик ўқув кунлари ўқув режасидаги ҳафталик юкламалар асосида белгиланади. Бугунги кунда ўқув режаларидаги фанларга ажратилган ҳафталик юкламадан келиб чиқадиган бўлсак, ҳафталик ўқув куни 5-6 кунга тўғри келади. Бунда талабанинг ҳамда профессор-ўқитувчининг кунлик юкламаси ҳам ошиб кетмаслиги лозим.
Барча олий таълим муассасалари томонидан ўқув жараёнини анъанавий тарзда бошлаш бўйича график ишлаб чиқилган. График асосида 2021 йил 11 январдан барча ОТМларнинг тегишли курсларида ўқув жараёни анъанавий шаклда бошланади.
Маълумот учун айтиш керакки, ОТМларда анъанавий дарслар ўтган 2020 йил 16 ноябрдан бошланган. Ҳамма ОТМ ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб график ишлаб чиққан ва бундан кейин ҳам шундай чорани кўради. Жорий йил 11 январда қишки таътил тугайди ва дарслар яна давом эттирилади.
Айрим бемор талабалар ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар ўқишларини онлайн шаклда давом эттириши мумкин. Бунда уларнинг аҳволи ОТМ раҳбарияти томонидан алоҳида ўрганиб чиқилади ва хулоса қилинади.
Шу билан бирга жуда кўпчиликни қизиқтирган тўлов-контракт миқдорининг ошиши ёки ошмаслиги масаласи ҳам муҳим бўлиб турибди.
Маълумки, 2021 йил 1 февралдан бошлаб республикамизда иш хақи ва стипендиялар миқдорлари 10 фоизга оширилиши белгиланди. Пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий ўқув йилидаги амалдаги тўлов-контракт миқдорлари ўзгаришсиз сақлаб қолинаяпти. Бу аҳоли, талабаларимиз учун энг қувончли ва фойдали хабардир. Бу йилда ҳам тизимдаги ислоҳотлар жадал давом этади.
Талабаларимиз ҳам шунга жавобан, ўз устида мунтазам ишлаб, шу юрт корига ярайдиган мутахассис бўлишга интилиши лозим.