"InnoWeek" доирасида Ўзбекистонга Кореянинг CNG тракторлари топширилди
Пойтахтимиздаги "CAEx Uzbekistan" халқаро кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган "InnoWeek-2026" халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Корея Республикаси томонидан Ўзбекистонга 50 дона CNG трактори беғараз топширилди.
Маросимда икки мамлакат вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда ҳафталик иштирокчилари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаева, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров ва Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, экологик тоза техникалардан фойдаланиш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, CNG тракторлари сиқилган табиий газда ишлаши, ёқилғи харажатларини камайтириш имконияти ва экологик афзалликлари билан аҳамиятли. Уларни илмий-тадқиқот институтлари, технопарклар ва олий таълим муассасаларига топшириш техникани маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш, самарадорлигини ўрганиш ва қишлоқ хўжалигида кенг қўллаш имкониятларини баҳолашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуровнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик замонавий технологиялар, инвестициялар ва илғор тажрибаларни жорий этиш орқали ривожланмоқда.
–Бугунги кунда инновациялар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ресурслардан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Корея Республикаси билан ҳамкорликда замонавий технологияларни жорий этиш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш, уруғчилик ҳамда рақамли ечимларни ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигининг технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди вазир ўринбосари.
[gallery-32258]
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён CNG тракторларининг топширилишини икки мамлакат ҳамкорлигининг янги босқичи сифатида баҳолади.
Тадбир якунида таъкидланганидек, CNG тракторларининг топширилиши Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида муқобил ёқилғи технологияларини синовдан ўтказиш, ресурсларни тежаш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббусдир. Уларнинг маҳаллий шароитдаги самарадорлигини ўрганиш келгусида ушбу техникаларни кенг жорий этиш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА