Инновацион мини-трактор қишлоқ хўжалигида янги ечим бўлиши мумкин
Илм-фан ва инновация — мамлакат тараққиётининг муҳим таянчига айланмоқда. Бугун ёш олим ва тадқиқотчиларнинг ғоялари давлат миқёсида қўллаб-қувватланаётгани эса янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Тошкент давлат транспорт университети магистри, Ёшлар академияси аъзоси Ойшахон Қодирова пойтахтимизда ўтказилган “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форуми доирасида ўзининг инновацион лойиҳасини давлат раҳбарига бевосита тақдим этди.
“Бионик кўчат экиш” номли ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш ва инсон омилига боғлиқ жараёнларни автоматлаштиришга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган мини-трактор автоматик режимда ер текислаш, чуқур қазиш, ўғит солиш, суғориш ҳамда кўчат экиш каби бир нечта жараёнларни бир вақтнинг ўзида бажаради.
Қурилма хорижий аналогларга нисбатан бир неча баробар арзон бўлиб, кўчатларнинг нобуд бўлиш хавфини камайтиради, иш самарадорлигини 4–5 баробарга оширади, вақт ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежайди.
Тақдимотдан сўнг лойиҳани амалиётга жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Умумий қиймати 300 миллион сўм бўлган мазкур ташаббус тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда синовдан ўтказилиб, келгусида тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Ёшларнинг инновацион ғоялари қўллаб-қувватланаётгани мамлакатимизда илм-фан ва технологиялар соҳасида янги босқич бошланганидан далолат беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА