Инновацион лойиҳалар аҳоли манфаатига хизмат қилмоқда
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фермер хўжаликларига қуёш панели орқали электр энергияси билан таъминланган суғориш тизимининг ишга тушириш борасида кенг кўламли инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳаларнинг мақсади Оролбўйи ҳудудида сув танқислиги ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга инновацион ечим топиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳага замонавий ва экологик тоза технологияларни жорий этишдир. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудининг иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш орқали электр энергияси харажатларининг камайишига эришиш, ҳосилдорликни ошириш, фермер хўжалигининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағи ҳисобидан Кегейли туманида “Бөрили ой” фермер хўжалигининг коллектор сувларини қайта тозалаш ва муқобил энергиядан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштириш орқали сув билан таъминлаш, 5 гектар майдонда полиз ва мева етиштириш йўлга қўйилди.
Фермер хўжалигининг 1 гектар ерига маҳаллий иқлимга мос мевали дарахтлар экилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш учун барча агротехник тадбирлар амалга оширилди. Одатда, сув танқислиги туфайли ернинг унумдорлиги пасаяди. Қуёш панеллари қувватида ишлайдиган томчилатиб суғориш технологияси сувни тежайди ва мунтазам равишда етказиб, ҳосилдорликнинг яхшиланишига ёрдам беради. Лойиҳа доирасида, фермер хўжалигига ўтган йили 15 квт қуёш панели орқали ишлайдиган томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида интенсив усулда артемия ва балиқчилик ҳавзаси қуриб битказилди. Ушбу ҳовузда замонавий технологиялар ёрдамида балиқ етиштириш йўлга қўйилиб, артемия личинкалари балиқлар учун озуқа бўлади.

Сув танқислиги даврида бундай йирик лойиҳанинг энг чекка қишлоқ ҳудудларида амалга оширилиши ер унумдорлигини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари очилишига имкон яратди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали кўмагида амалга оширилган ушбу ташаббус экологик тоза маҳсулот етиштиришга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Кегейли туманидаги “Жаңабазар” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Орзу” фермер хўжалигида “яшил энергия” лойиҳаси амалга оширилди. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан фермер хўжалигига 50 киловатт қувватга эга бўлган замонавий қуёш панели ўрнатиб берилди. Натижада қуёш панели орқали электр энергияси билан таъминланган суғориш тизимининг ишга туширилиши 175 гектар майдонни суғориш имконини яратди.

Фермер хўжалиги раҳбари Палзада Салиеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда сув танқислиги муаммоси туфайли фермер хўжалигидаги экин майдонларининг аксарияти экинбоп ҳолатдан чиқиб кетди ва бу ерларнинг унумдорлигига салбий таъсир кўрсатди. Ўтган йили сув танқислиги туфайли пахта ва буғдойнинг ҳосилдорлиги анча паст бўлди. Энди эса қуёш энергияси асосида ишлайдиган тизим орқали насослар доимий ишлаб турибди. Қуёш панели орқали суғориш имконияти нафақат фермер хўжалиги учун, балки ҳудуддаги 33 та хонадоннинг томорқаларини суғориш учун ҳам хизмат қилмоқда. Бугун ерларнинг мелиоратив ҳолати ҳам яхшиланмоқда. Энг муҳими, фермерлар учун ишонч ва келажакка умид пайдо бўлди.
“Қорақалпоқ йўл кўкаламзорлаштириш” давлат ташкилотига қарашли умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйида экилган кўчатларни сақлаб қолиш, яъни, оқар сув етиб бормайдиган ер майдонларига сув тежовчи суғориш тизимини ўрнатиш мақсадида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Кегейли тумани ҳудудидан ўтувчи Д234 (4Р176) “Нукус-Чимбой-Тахтакўпир” автомобиль йўли бўйига диаметри 110 мм.лик 3000 метр, Хўжайли тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўли бўйига диаметри 200 мм.лик 1603 метр полиэтилен қувурлар етказилди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, кўкаламзорлаштириш ишларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, энг асосийси, фуқароларимизнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири