Информатика фани ўқитувчилари сунъий интеллект йўналишида хорижда малака оширади
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан сараланган ўқитувчилар иштирокида Гонконг Фан ва технологиялар университетида сунъий интеллект бўйича халқаро таълим дастури ўз ишини бошлади.
Мазкур дастур Гонконг Фан ва технологиялар университетининг Гуанчжоу кампусида ташкил этилмоқда. Очилиш маросимида университет президенти профессор Лионел М.Ни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консули Султанбек Имомов иштирок этди.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сунъий интеллект, таълим ва илғор технологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим амалий натижасидир. Дастур давомида ўқитувчилар сунъий интеллект соҳасидаги энг сўнгги ёндашувлар, замонавий ўқитиш методлари ва амалий технологиялар билан танишиб, университет профессорлари ва мутахассислари билан тажриба алмашади.
“Day of AI” лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 1 минг 400 нафар информатика фани ўқитувчиси сунъий интеллект йўналишида малака оширди. Улар орасидан энг юқори натижаларни кўрсатган 50 нафар ўқитувчи ушбу халқаро дастурда иштирок этиш учун саралаб олинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Гонконг Фан ва технологиялар университети — дунёнинг етакчи университетларидан бири бўлиб, “QS World University Rankings 2027” рейтингида 33-ўринни эгаллаган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА