Индонезияда продюсер Буди Юлиантон бошчилигидаги бир гуруҳ киноижодкорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда «Ҳижрат орзуси» бадиий фильми устида иш бошлангани ҳақида эълон қилинди.
Фильмнинг асосий суратга олиш ишлари Индонезия пойтахтида, хушманзара Белитунг ва Багор оролларида ҳамда Ўзбекистоннинг машҳур тарихий шаҳарлари - Тошкент, Самарқанд ва Бухорода амалга оширилади.
Продюсернинг сўзларига кўра, индонезияликлар ўзбек маданиятига катта қизиқиш билан қарайди, уларнинг аксарияти ислом таълимотига улкан ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирларнинг мақбараларига ташриф буюриш истагида.
Фильмнинг кенг кўламда намойиш этилиши Индонезиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилиши кутилмоқда. Унинг тақдимоти Индонезиянинг барча йирик шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган. Фильм кейинчалик мамлакатнинг марказий телеканалларида ҳам намойиш этилади.
Ижодий ва техник гуруҳнинг Ўзбекистонга ташрифи куз ойларига белгиланган, унда суратга олиш ишлари билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилади.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА