Индонезияда Сирдарёнинг рақамли имкониятлари намойиш этилди
Индонезияда ўтказилган «Рақамли Ўзбекистон» тадбирида Сирдарё вилоятининг рақамли технологиялар, IT хизматлари ва инвестиция соҳасидаги имкониятлари халқаро бизнес вакилларига тақдим этилди.
Тадбирда 100 га яқин IT ва BPO компаниялари, венчур фондлар, инвесторлар ҳамда технологик бизнес вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимининг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваров маълум қилди.

Тақдимотлар давомида хорижий компаниялар ва инвесторларга Сирдарё вилоятининг IT соҳасидаги салоҳияти, инвестиция имкониятлари, стартапларни молиялаштириш механизмлари, «Zero Risk» дастури, солиқ имтиёзлари, бепул офис майдонлари ҳамда IT компаниялари учун яратилган бошқа шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида IT компаниялари, BPO операторлари, венчур фондлар ва инвесторлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Мулоқотларда Сирдарёда янги технологик лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро компанияларни ҳудудга жалб этиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва IT хизматлари экспортини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, хорижий технологик компаниялар билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

Бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ҳудудлар учун янги инвестиция ва экспорт имкониятларини очмоқда. Шу нуқтаи назардан, Сирдарёнинг халқаро майдонда рақамли хизматлар, IT ва технологик стартаплар учун истиқболли ҳудуд сифатида тақдим этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Индонезиядаги мазкур мулоқотлар ҳам вилоятнинг рақамли салоҳиятини халқаро бизнес ҳамжамиятига танитиш, янги ҳамкорларни жалб этиш ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун янги алоқаларни шакллантиришга хизмат қилди.
Энг муҳими, бундай халқаро тадбирларда Сирдарёнинг рақамли имкониятларини намойиш этиш ҳудудда IT соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, замонавий хизматлар экспортини кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири