Индонезия университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Мулоқот сўнггида томонлар таълим соҳасида ҳамкорликни изчил давом эттиришда қатъий эканликларини таъкидладилар.
9 октябрь куни Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Индонезиянинг Ислом Маланг университети ўртасида онлайн меморандум имзолаш маросими ўтказилди.
Маросимда ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева бугунги кунда университетда индонез тили ва маданияти ривожланиши ҳамда мазкур тилнинг янада равнақ топиши учун амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Ислом Маланг университети ректори профессор Бакри Маскури икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, хусусан, Индонезия бўйича тил, иқтисодиёт йўналишларида мутахассислар тайёрлашда келгусида ҳам амалий ёрдам берилишини қайд этди.
Учрашувда университетлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, унга кўра ўқув, илмий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
2020/2021 ўқув йилида Тошкент давлат шарқшунослик университетида индонез тили ва Индонезия иқтисодиёти бўйича бакалавриат босқичида таҳсил олаётган 11 талабанинг ҳамкор университетда стажировка ўташи бўйича онлайн дарс машғулотлари бошланган. Жорий ўқув йилида мазкур талабаларни Индонезияга юбориш ва Ислом Маланг университетида стажировкани давом эттириши режалаштирилмоқда.
Мулоқот сўнггида томонлар таълим соҳасида ҳамкорликни изчил давом эттиришда қатъий эканликларини таъкидладилар.
Маълумот учун: 2013 йилда Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Тошкент давлат шарқшунослик университетида индонез тили ва маданияти маркази очилган, ҳозирда 50 нафарга яқин талаба индонез тили, маданияти ва иқтисодиётини ўрганмоқда. Шу билан бирга университетда Индонезиядан таклиф этилган икки нафар профессор-ўқитувчи педагогик фаолият олиб бормоқда. 2020 йилда университет ўқитувчиси Бобур Самиғовнинг индонезшунослик бўйича ўқув қўлланмаси Жакартада нашр этилган.