“In-vitro” усулида миллионлаб кўчат етиштириш мумкин (+видео)
Боғдорчиликда юқори ҳосил олиш нафақат ер ёки сув, балки сифатли кўчатга ҳам боғлиқ. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда интенсив боғдорчиликка қизиқиш ортиб борар экан, “in-vitro” усулида етиштирилган кўчатларга талаб ҳам кескин ошган.
Самарқандда 3 миллион евро инвестиция ҳисобига 2016 йилда Греция технологияси асосида ташкил этилган лабораторияда интенсив боғлар учун юқори сифатли пайвандтаглар тайёрланмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, бундай кўчатларнинг энг катта афзаллиги — уларнинг вирус ва касалликлардан холи бўлишидадир. Сабаби лабораторияда ҳар бир жараён мутахассислар назорати остида амалга оширилади.
- Ҳозирги кунда бизда пайвандтагларнинг 13га яқин турларини кўпайтиришни йўлга қўйганмиз, - дейди корхона раҳбари Бахтиёр Тоштемиров. – Мевали, данакли дарахтлар учун пайвандтаглар тайёрланмоқда. Бунда энг муҳим вазифа буларнинг озуқасини тайёрлаш. Илдизлаши учун, ўстириш учун алоҳида озуқа тайёрлаймиз. Озуқалар миқдорини 1 грамм ҳам алмаштириш мумкин эмас. Масалан, гилоснинг озуқаси шафтолига тўғри келмайди. Лабораторияда етиштиришган кўчатнинг илдизлари кўп бўлади. Шунинг учун ўсимликнинг озуқаларни ўзлаштириши яхши бўлади.
Корхона 5 миллион донагача пайвандтаг етиштириш имконига эга. Айни пайтда лабораторияда 45 нафар юқори малакали мутахассис фаолият юритади. Иссиқхона ва кўчатхоналарда жами 70 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.
2026 йил бошидан лабораторияда 2.5 миллион дона пайвандтаг тайёрланган. Улар аввал лабораторияда кўпайтирилиб, иссиқхонага ўтказилади. Айнан шу ерда ўсимликлар ташқи муҳитга мослаштириш учун кўчатхоналарда парвариш қилинади.
Иқлим ўзгариши шароитида сув тежовчи, тез ҳосилга кирувчи ва экспортбоп навларга эҳтиёж ортиб бораверади. Лабораторияда етиштирилган кўчатлар эса ресурсларни иқтисод қилиш ва юқори ҳосил олиш имконини беради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/X423r31HVI4" title="“In-vitro” usulida millionlab ko‘chat yetishtirish mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА