Имтиёзли беморларни давлат ҳисобидан даволашнинг янги тартиби кучга кирди
Жорий йил 1 июль, яъни бугундан бошлаб Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда имтиёзли тоифадаги беморларга ҳудудий даражада Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма асосида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти бошланади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра, бепул тиббий ёрдам кўрсатиш тизими босқичма-босқич қуйидаги даражаларда ташкил этилади.
Туман (шаҳар) даражасида – аҳолининг барча тоифаларига;
Ҳудудий даражада – имтиёзли беморларга (2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси тизими йўлга қўйилган ҳудудларда);
Республика даражасида – имтиёзли беморларга (2027 йил 1 январдан бошлаб тегишли аҳоли тоифаларига нисбатан қўлланилади).
Янги тартибга мувофиқ, 2027 йилнинг бошидан бошлаб давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдамдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳоли қатламлари рўйхати аниқ белгиланган. Унга кўра, қуйидаги тоифаларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади:
Сўнгги бир йил давомида камида олти ой жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар;
Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
Вояга етмаганлар, таълим ташкилотларининг ўқувчи ва талабалари;
Ҳомиладор аёллар ҳамда икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар;
Меҳнат органларида расмий равишда ишсиз сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар;
Давлат пенсиясини олувчилар;
«Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг аъзолари.
Давлат бюджети ҳисобидан бепул тиббий ёрдам олиш учун беморлар, биринчи навбатда, ўзлари бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига (оилавий поликлиника ёки шифокорлик пунктига) мурожаат қилишлари лозим.
Имтиёзли тоифага кирувчи беморларни ихтисослашган тиббиёт ташкилотларига юбориш муайян шароитларда, яъни фақатгина махсус электрон ахборот тизими орқали тасдиқланадиган йўлланмалар асосида амалга оширилади. Бу тизим маблағларнинг мақсадли сарфланишини ва навбатларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА