Импорт ўрнига маҳаллий “супер элита” товуқлари
Шу кунларда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги Андижон вилояти делегацияси хизмат сафари билан Хитой давлатида бўлиб турибди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳудудлараро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 200 нафардан ортиқ хитойлик ишбилармонлар ва йирик компаниялар вакиллари иштирокида Хайнань провинциясида ташкил этилган бизнес-форум доирасидаги учрашувлар самарали мулоқот ва келишувларга бой бўлди. Бизнес-форум доирасида умумий қиймати 1 миллиард долларга тенг бўлган 18 та муҳим келишув имзоланди.

Ана шу келишувлар доирасида Хитойнинг “Beijing Huadi Yukou Poultry Co. LTD” компанияси билан 50 миллион долларлик инвестиция шартномаси имзоланди. Ушбу шартномага асосан, Хитой компанияси томонидан Андижонда оналик товуқларини етиштиришга ихтисослашган замонавий комплекс ташкил этилиши белгиланган.
Эътиборлиси, бугунги кунга қадар оддий оналик товуқлар юртимизга Венгрия ва бошқа Европа давлатларидан импорт қилинар эди. Янги комплекс барпо этилиб, ишга тушиши билан йилига 2 миллион 500 минг бош юқори наслли “супер элита” тоифасидаги оналик товуқлари маҳаллий шароитда етиштирилади.
Бу нафақат импорт харажатларини кескин қисқартиради, балки йиллик 25 миллион доллар маблағни иқтисод қилиш имконини ҳам беради. Энг муҳими, ички бозорда паррандачилик маҳсулотлари нархи 30–40 фоизга арзонлашиши кутилади.
Мазкур инвестиция лойиҳаси Андижон вилоятида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда паррандачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.