Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан имконияти чекланган болалар учун замонавий, махсус мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди.
Марказий кон бошқармаси раҳбарияти, ташкилот-корхоналар, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Навоий вилоят ҳокими ўринбосари Яшин Душанов ва бошқалар сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини рози қилиш, уларга муносиб ҳаёт кечиришлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган сиёсати Зарафшон шаҳрида ҳам амалга оширилган ишларда яққол намоён бўлаётганини таъкидлади.
Шунингдек, сўнгги йилларда комбинат томонидан шаҳарда кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, “Шодлик” меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Болалар шаҳарчаси, фавваролар хиёбони ва ижтимоий объектлар қуриб берилгани, имконияти чекланган болалар учун фойдаланишга топширилаётган махсус мактабгача таълим ташкилоти хайрли ишларнинг мантиқий давомидир.
[gallery-4214]
Имконияти чекланган болалар учун барпо этилган ушбу 72 ўринга мўлжалланган “Умид” номли замонавий мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлаш ишларига 29,3 млрд. сўм сарфланди. Замонавий ва барча шароитларга эга муассасага асосан Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида яшовчи имконияти чекланган болалар қабул қилиниши режалаштирилган.
Маскан махсус жиҳозлар, тиббиёт ускуналари билан таъминланди. Машғулотлар белгиланган дастур асосида гуруҳлар асосида олиб борилади. Учта блокдан иборат икки қаватли бинонинг иккитасида лифтлар ўрнатилган. Муассаса барча қулайликларга эга.
- Шаҳримизда 32 та мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, уларнинг 17 таси давлат, 3 таси хусусий шерикчилик ва 12 таси оилавий боғчалардир, - дейди шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Мавлуда Турсунова. – Айни пайтда уларда 7174 нафар болажонимиз тарбияланиб, қамров даражаси 99 фоизга етказилган.
Тадбирда мазкур мактабгача таълим ташкилотига Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 200 миллион сўмлик сертификат ва ноёб электрон пианино ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам 200 млн. сўмлик сертификат топширилди. Шунингдек, ушбу муассасани қуришда фаол иштирок этган қурувчилар рағбатлантирилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА