Илья Сибирцев жаҳон кубогида рекорд ўрнатди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Наманган шаҳридаги “Ocean” сув спорти саройи тарбияланувчиси Илья Сибирцев сузиш бўйича жаҳон кубогининг учинчи босқичида муносиб қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олди.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли мусобақанинг қисқа сув йўлагида (25 метрли бассейн) ўтказилган 1 минг 500 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида наманганлик спортчи 14:43.97 натижа билан фахрли учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди. Бу натижа Ўзбекистоннинг мазкур масофадаги янги миллий рекорди бўлди.
Маълумот ўрнида, Остона мусобақасида Илья Сибирцевдан илгарилаб кетган бельгиялик Лукас Хенве ва венгриялик Оливер Папаи мос равишда олтин ҳамда кумуш медалларга эга чиқди.
Таъкидлаш жоизки, Илья жаҳон кубогининг пойтахтимиз Тошкент мезбонлик қилган босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 800 метрга эркин усулда сузишда 7:40.77 натижа билан бронза медалига сазовор бўлиб, миллий рекордни янгилаган эди.
Шу тариқа, Сибирцев халқаро мусобақанинг кетма-кет босқичларида иккита бронза медалига лойиқ кўрилиб, икки масофада рекордларини янгилашга эришди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири