Илмли аёллар форуми ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида хотин-қизларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда таълим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Илмли аёл – кучли жамият” мавзуида таълим форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этди.
[gallery-30137]
Тадбирда сўзга чиққанлар жамият тараққиётида аёлларнинг ўрни, уларнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги фаоллигини ошириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш масалаларига тўхталди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва илмий фаолият билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу эса олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий изланишлар олиб бораётган, инновацион ғояларни илгари сураётган хотин-қизлар сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
Форумда илмли оналарнинг келажак авлоднинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди. Шунингдек, хотин-қизларнинг илм олишга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА