Илмли аёл – жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчи
Илмли, маърифатли ва ташаббускор аёл — ҳар қандай жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган, оила мустаҳкамлиги ва келажак авлод тарбиясининг энг муҳим устуни ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг билим олиши, касбий маҳоратини юксалтириши, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар бугун амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. Бу борада давлат идораларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар нафақат ходимларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, балки уларнинг шахсий камолотига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ана шундай мазмунли тадбирлардан бири Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Илмли аёл – жамият кўзгуси” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий семинар бўлди.
Семинарда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Лидер тадбиркор аёллар клуби”, “Оқила аёллар” ҳаракати, вилоят Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Бухоро техника университети вакиллари иштирок этиб, илмли ва маърифатли аёлнинг оила, жамият ҳамда давлат тараққиётидаги беқиёс ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашди.
Тадбир давомида мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва давлат хизматида муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, билимли ва фидойи аёллар жамият тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда.

Семинарда божхона органларида гендер тенглигини таъминлаш, аёл ходималар учун замонавий ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, раҳбарлик лавозимларидаги улушини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Маърузачилар аёл ходималарни доимий равишда ўз устида ишлашга, билим ва малакасини оширишга, замонавий билимларни ўзлаштиришга чақирди. Шунингдек, хизмат вазифалари билан оилавий ҳаёт ўртасида мувозанатни сақлаш, фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиш ва шахсий ривожланишни узлуксиз давом эттириш юзасидан ҳаётий тавсиялар берилди.

Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати сифатида малакали психологлар иштирокида амалий тренинглар ташкил этилди. Уларда иштирокчилар руҳий барқарорликни сақлаш, стрессни самарали бошқариш, иш унумдорлигини ошириш, ижобий фикрлаш ва шахсий ривожланишга оид замонавий ёндашувлар билан танишдилар.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинар савол-жавоблар, фикр ва тажриба алмашишларга бой бўлиб, иштирокчилар учун янги билим ва ҳаётий сабоқлар манбаига айланди. Айниқса, илмли аёл нафақат ўз оиласининг, балки бутун жамиятнинг маънавий юксалишига хизмат қилиши ҳақида билдирилган фикрлар катта қизиқиш уйғотди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири