Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида “Томорқачилик илмий- амалий маркази томорқа хизмати” фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳозирга қадар унда ташкил этилган ўқув машғулотларида Сурхондарё ва Бухоро вилоятининг кенгаш раислари, агрономлари, томорқа ер эгалари, деҳқон хўжаликлари вакилларига малакали профессор-ўқитувчилар, агрономлар ўзларининг билим ва кўникмалари етказишди.
– Ўқув машғулотлари юқори савияда ташкил этилган, – дейди Жондор тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ж.Ҳамраев. – Профессор-ўқитувчилардан олган назарий билимларимизни амалиётга татбиқ этилганини шу ерда ташкил этилган тажриба майдонлари ҳамда 4,5 сотихда намунавий хонадон мажмуасида кўрдик. Бу тажрибаларда ҳар бир томорқа ер эгаси ўз томорқасидан самарали фойдаланиш орқали юқори даромад олиш мумкинлигига яна бир карра гувоҳ бўлдик.
Ўқув марказ фаолиятини самарали ташкил қилишда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидан тажрибали профессор-ўқитувчилари, Шаҳрисабз шаҳар 1-сон касб-ҳунар мактаби, Чироқчи туман 2-сон касб-ҳунар мактаби агроном-ўқитувчилар фаол иштирок этмоқда.
Чироқчи туманидаги илмий марказ қошида 4,5 сотихда кўргазмали тажриба майдони барпо қилинган. Аҳоли яшайдиган ҳовли шаклида барпо қилинган бу кўргазмали тажриба участкасида ишкомларда ток, ҳовлида гул ва дарахт кўчатлари, молхонада болали сигир, қўрада қўй-қўзи, эчки-улоқ, қафасда қуён, товуқ, курка, бедана ва мўъжазгина ҳовузда балиқлар парваришланмоқда. Хашак ва табиий ўт-ўландан ем гранулалари ишлаб чиқарадиган мини-завод ва инкубатор ҳам жойлаштирилган. Ҳовлининг ўртасида помидор, булғор қалампири, карам ҳамда кўкатлар ўсиб турибди. Бу майдонда тандир-ўчоқдан тортиб, тувакда экилган лимон кўчатларигача мавжуд.
Мазкур намунавий кўргазмали ҳовли ўқув машғулоти иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Биз бир хонадон эгаси ўз ҳовлисида унумли фойдаланиб, камида 100 миллион сўм даромад олишини амалда кўрсатиб бердик, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили А.Мадиев. – Кўргазма шаклида яратилган бу ҳовлига кирган кишининг баҳри дили очилади. Қўшни вилоятлардаги мутахассисларни таклиф қилишдан мақсад кўргазмали ҳовлини кенг тарғиб қилиб, барча хонадонларга жорий қилишдир. Шунда томорқалардан олинадиган даромадлар янада ошади.
Аҳолининг томорқа хўжаликлари ерларидан фойдаланишда инновацион ёндашуви уларнинг деҳқончилик сир-асрорларининг қай даражада эгаллаганлиги, билим ва малакасининг етарли ёки етарли эмаслиги боғлиқ. Шу боис аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишда уларнинг билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш зарур.
М.Муҳаммадиев,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.
И.Аввалбоев, ЎзА