Илмий тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилди
Қашқадарё вилоятида жойлашган Шаҳрисабз давлат педагогика институти қошида илмий тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказ фаолияти доирасида талабаларни юртимиз алломалари, шоир ва ёзувчилари, шунингдек, фан-техника соҳасидаги замонавий ютуқлар ҳамда илмий кашфиётлар билан яқиндан таништириш, турли маънавий-маърифий ва илмий тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Марказнинг очилиш маросими муносабати билан ўтказилган дастлабки тадбирда иштирокчилар Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда академик Қаландар Абдураҳмоновнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазмалар билан танишди. Унда адиб ва олимнинг турли йилларда нашр этилган асарлари, илмий ва ижодий фаолиятига оид фотолавҳалар ҳамда видеоматериаллар намойиш этилди.


Шундан сўнг институт мажлислар залида профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирни институт ректори, профессор Машъал Саидов очиб, марказ ёшларни миллий қадриятлар, маънавият ва илм-фан анъаналари руҳида тарбиялаш, буюк аждодлар меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилганини таъкидлади.


Тадбирда академиклар Қаландар Абдураҳмонов ва Акмал Саидов, сенатор Абдураҳим Эркаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шарафиддин Назаров ва Лола Маҳмалиёрова, вилоят давлат архиви бошқармаси бошлиғи Саидулла Бобоқулов, Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафоева иштирок этиб, янги ташкил этилган марказнинг ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбир якунида институт бадиий ҳаваскорлик жамоаси томонидан мумтоз ва замонавий қўшиқлардан иборат концерт дастури намойиш этилди.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири