Илмга бахшида умр
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, академик, "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби Азизхон Қаюмов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ҳамда Огаҳийнинг «Таъвиз ул-ошиқин» девонининг янги нашри тақдимоти ўтказилди.
Анжуманда илм-фан, адабиёт вакиллари, олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда навоийшунос ва огаҳийшунос мутахассислар иштирок этди.
Тадбир давомида академик Азизхон Қаюмовнинг ўзбек адабиётшунослиги ва манбашунослигига қўшган улкан ҳиссаси, илмий мероси ҳамда устозлик фаолияти ҳақида маърузалар тингланди.

Айтиш керакки, академик, навоийшунос олим Азизхон Қаюмов (1926–2018) ўзбек адабиётшунослиги, айниқса, навоийшунослик ва матншунослик ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимдир. Унинг миллий адабиётимиздаги асосий хизматлари бир неча йўналишларда яққол кўзга ташланади.
Олим Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишга умрини бағишлаган. Унинг «Садди Искандарий» (1975), «Ҳайрат ул-аброр» (1977), «Фарҳод ва Ширин» сирлари» (1979) каби асарлари Навоий достонларининг моҳиятини очиб беришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Азизхон домла Қўқон адабий муҳитини ўрганиш борасида салмоқли илмий изланишлар олиб борган. Қўқон адабий муҳити ва унинг намояндалари – Махмур, Ҳозиқ, Ғозий ва бошқалар ҳақида фундаментал тадқиқотлар яратган. Устоз бир қатор мумтоз адабиёт вакилларининг асарларини биринчи бўлиб илмий муомалага киритган.
У кўплаб мумтоз шоирларнинг асарларини қўлёзмалардан замонавий алифбога табдил қилиш ва нашрга тайёрлашда жонбозлик кўрсатган. Олимнинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва номзодлари етишиб чиққан, бу эса, ўз навбатида «Азиз Қаюмов илмий мактаби» шаклланишига асос бўлган.
Олим фақат тадқиқотчи эмас, балки маданият вазири, Давлат кинематография қўмитаси раиси ва Қўлёзмалар институти директори сифатида ҳам миллий маданиятимизни асраб-авайлашга ҳисса қўшган.

Азизхон Қаюмовнинг илмий мероси бугунги кунда 30 жилдлик тўла асарлар тўплами сифатида чоп этилмоқда, бу эса унинг ўзбек филологиясидаги ўрни нақадар беқиёс эканини тасдиқлайди
Шунингдек, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” девонининг янги нашри юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, асарнинг матни, илмий аҳамияти ва китобхонлар учун тутган ўрни алоҳида таъкидланди. Китобга шоирнинг ўзбек ва форс тилларидаги бутун лирик мероси илк бор жамланган.
Нашр Огаҳий девонининг энг ишончли қўлёзма нусхалари ва илмий-танқидий матни асосида тайёрланган.
Мазкур илмий-маърифий анжуман академик Азизхон Қаюмов хотирасини ёд этиш, миллий адабий меросимизни тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни илм-фанга ошно этиш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Н.Усмонова, ЎзА