Илм ва таълимга бағишланган ҳаёт
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус давлат педагогика институти Физика-математика факультетининг малакали устози Баҳром Явидов қарийб 30 йилдан буён олий таълим тизимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Айни пайтда у Физика ўқитиш методикаси кафедраси профессори вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритмоқда.
Б. Явидов 2002 йилда физика-математика фанлари бўйича номзодлик, 2012 йилда эса докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Ёшларни илм-фанга жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш йўлида у “Устоз-шогирд” анъаналарини изчил давом эттириб келмоқда. Кўплаб талабаларнинг бакалавр ва магистрлик ишларига илмий раҳбарлик қилган. Шунингдек, унинг ташаббуси билан “Коинотга саёҳат”, квант физикасига оид “Квант кечаси” каби маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Профессор ўз ўқув-педагогик фаолиятида замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг қўллаб, маъруза, семинар ва амалий машғулотларни ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида юқори савияда ташкил этмоқда.
[gallery-28645]
Унинг 160 дан ортиқ илмий ва илмий-услубий ишлари, 100 дан зиёд тезислари, 1 та монографияси ҳамда 4 та ўқув-услубий қўлланмаси нашр этилган.
Баҳром Явидовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. У 2014 йилда “Халқ таълими аълочиси”, 2024 йилда “Ватан фидойиси” кўкрак нишони ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА