Илм-фан хаёлотидан глобал реалликкача
Бугун инсоният шунчаки янги технологик асрга эмас, балки цивилизациянинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичига қадам қўймоқда. Яқин-яқингача фақат илмий-фантастик асарлар ва фильмлар сюжети ҳисобланган сунъий интеллект эндиликда лабораториялар чегарасидан чиқиб, кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига ва глобал геосиёсатнинг бош кучига айланиб бормоқда.
Соддароқ қилиб айтганда, сунъий интеллект бугун инсон ақл-заковатининг давоми ва уни кучайтирувчи «супер-инструмент» ролини ўйнамоқда.
Дунё етакчилари ва IT-гигантлар ўртасидаги глобал мусобақа, АҚШда Дональд Трамп томонидан илгари сурилган «Супер Интеллект» (SI) концепцияси ва БМТ Бош ассамблеясининг 81-сессиясидаги марказий муҳокамалар шуни кўрсатмоқдаки, СИ шунчаки навбатдаги қулай дастурий таъминот эмас — у ҳозирда давлатларнинг рақобатбардошлиги, суверенитети ва хавфсизлигини белгилаб берувчи асосий омилдир.
Ребрендингдан глобал стандартларгача
Замонавий сунъий интеллект аллақачон оддий топшириқларни бажаришдан ўтиб, мураккаб қарорлар қабул қилиш, улкан маълумотларни таҳлил этиш ва тиббиётда даволаб бўлмас хасталикларга шифо топиш даражасига етди. У иқтисодиёт ва давлат бошқарувини трансформация қилиб, жараёнларни бир неча баравар тезлаштирмоқда ва бюрократияга барҳам бермоқда.
Дунёда сунъий интеллектга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Дональд Трампнинг «SI» номини қўллаш ташаббуси технологик пойганинг янги босқичга ўтганини англатади. «Сунъий» сўзидаги чеклов ўрнини «Супер» сўзидаги чексиз имкониятлар ва геополитик устунлик эгаллади.
Охирги йилларда сунъий интеллект технологик соҳадан чиқиб, глобал геосиёсат, хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг бош омилига айлангани сабабли, БМТ минбарида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Дунё давлатлари сунъий интеллект соҳасида мустақил ва турлича қоидалар жорий этаётгани (АҚШнинг «Супер Интеллект» сиёсати, Европа Иттифоқининг AI Act қонуни, Хитойнинг ўз стандартлари) сабабли, БМТ барча учун ягона бўлган халқаро хавфсизлик рамкасини (Global Digital Compact) мустаҳкамлашни илгари сурмоқда.
Бугун эътибор «Рақамли тенгсизлик»ни (Digital Divide) бартараф этиш юзасидан ривожланаётган мамлакатларнинг бу технологиялардан ортда қолиб кетмаслигини таъминлаш киберхавфсизлик ва сохта ахборот технологияларининг олдини олишга қаратилмоқда.
Сунъий интеллектнинг истиқболи фақатгина технологияларнинг такомиллашуви билан чекланмайди. Олимларнинг қайд этишича, олдимизда иккита катта йўналиш турибди.
Энг катта имкониятлардан бири сунъий интеллект иқлим ўзгариши, глобал очлик, энергетика ва сув танқислиги каби инсоният йиллар давомида ҳал эта олмаган муаммоларга очқич бўлиши мумкин.
Асосий хавф-хатарлардан эса анъанавий касблар ва иш ўринларининг қисқариши, «дата-суверенитет»нинг бой берилиши ҳамда назоратсиз автоном тизимлар адолатли ва ягона халқаро қоидаларни яратишни кечиктириб бўлмас вазифага айлантирмоқда.
Бугунги кунимиздаги реаллик
Замонавий тизимлар (OpenAI, Gemini, Claude кабилар) жуда катта ахборотни қайта ишлайди ва мураккаб топшириқларни бажаради. Аммо улар ҳали тўлиқ мустақил фикрлайдиган ёки ўз-ўзини англайдиган «супер интеллект» даражасига етгани йўқ. Улар ҳали ҳам статистик эҳтимоллар асосида ишлайди.
Бугун реал хавф ва хавотирлар нималардан иборат? Олимлар ва сиёсатчилар номни ўзгартириш реал муаммоларни (киберхавфсизлик, муаллифлик ҳуқуқлари, иш ўринларининг йўқолиши, фейк маълумотлар тарқалиши) ҳал қилмаслигини таъкидламоқда. Атамани ўзгартириш орқали технологияга мутлақ ишонч уйғотишга уриниш хавфсизлик бўшлиқларини ниқоблаши мумкин.
Технологиялар оламида номлаш муҳим рол ўйнайди. Одамлар «сунъий» сўзини эшитганда ундаги чекланишларни ҳис қилишади, «супер» сўзи эса чексиз имкониятларни ваъда қилади. Бироқ, бугунги кун фойдаланувчиси учун номи AI ёки SI бўлишидан қатъи назар, энг муҳими — бу интеллектнинг жамиятга келтираётган нафи ва хавфсизлигидир. Дональд Трампнинг бу ташаббуси технология тарихидаги энг катта сиёсий маркетинг юришларидан бири бўлиб қолди. Негаки, сиёсатчилар номларни ўзгартириши мумкин, аммо технологиянинг чинакам «супер» бўлиши унинг инсоният муаммоларини қай даражада хавфсиз ва самарали ҳал эта олишига боғлиқ бўлиб қолаверади.
Сунъий интеллект соҳасидаги шиддатли глобал пойга, йирик давлатлар (АҚШ, Хитой) ўртасидаги технологик рақобат ва Трамп томонидан илгари сурилаётган янги сиёсий-иқтисодий трендлар фонида Ўзбекистон учун геополитик, иқтисодий ва технологик хавфсизликни таъминлаш энг муҳим вазифага айланади.
Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатлар учун эса келажак истиқболи аниқ: бу пойгада шунчаки «истеъмолчи» бўлиб қолиш — ортда қолишни англатади. Сунъий интеллектни миллий манфаатларга хизмат қилдириш, ўзининг "дата-суверенитети"га эга бўлиш ва ёшларни янги давр кўникмаларига ўргатиш келажак муваффақиятининг ягона кафолатидир.
Ўзбекистон учун сунъий интеллектни миллий манфаатларга хизмат қилдириш ва ёшларни янги давр кўникмаларига ўргатиш келажак муваффақиятининг ва минтақавий етакчиликнинг ягона кафолатидир, деб таъкидлайди таҳлилчи мутахассислар.
Лазиза Aбдуллаева,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
катта ўқитувчиси