Илм-фан ва инновациялар – юқори ҳосил гарови
Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Аҳоли сонининг ортиши ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг кўпайиши шароитида ғалла етиштириш самарадорлигини ошириш долзарб вазифага айланмоқда. Бу борада илм-фан ютуқлари ва инновацион технологиялар муҳим аҳамият касб этяпти.
Навоий вилоятида ҳам инновацион технологияларни жорий қилиш, томчилатиб суғориш тизимидан кенг фойдаланган ҳолда сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, агротехник тадбирларни юқори унумли қишлоқ хўжалик техникалари ёрдамида амалга оширилиши фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиш билан бир қаторда, ғалла майдонларида салмоқли ҳосил яратилишида муҳим омил бўлмоқда.
Жорий йилда фермер хўжалигимиз томонидан 32 гектар майдонда ғалланинг “Аср” нави экилиб парвариш қилинди. Яратилган кенг имкониятлар, амалга татбиқ этилган инновацион технологиялар ҳамда юқори тажриба ва илм асосида ёндашилган агротехник тадбирларга таянган ҳолда ҳар гектаридан 100 центнердан ортиқ ҳосил кутилмоқда.
Худди, шунингдек, туманимиздаги ғаллачиликда кенг инновацион технологияларни қўллаган ҳолда деҳқончилик қилаётган “Лочин” фермер хўжалиги ҳар гектардан 103 центнер, “Қурбон мерган” фермер хўжалиги 102 центнер ва “Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалиги 103 центнердан ҳосил олганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

Бугунги кунда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ердан унумли фойдаланишнинг самарали усулларидан бири бўлмоқда. Туманимизда ушбу майдонларга мош, ловия, кунгабоқар, маккажўхори, сабзавот ва полиз экинларини такрорий экин сифатида экиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Бу аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳам соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Жумладан, имтиёзли кредитлар ва субсидиялар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг иқтисодий манфаатдорлигини оширмоқда.
Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “2026 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорни буғдой билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ўзбекистон фермерлари кенгашининг 2026 йил ҳосили учун давлат ресурсига 3-синф буғдойнинг бир тоннасини 3,2 миллион сўмдан қабул қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимларининг 2026 йил ҳосилидан жами 3050 минг тонна, шундан буғдой етиштирувчилар томонидан етиштирилган 1300 минг тонна буғдойни кейинчалик биржа савдолари орқали сотиш учун қабул қилиш ҳамда 1500 минг тонна товар буғдойни давлат ресурси сифатида ва 250 минг тоннасини уруғлик учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги туманимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун айни муддао бўлди.

Хуллас, илм-фан ютуқлари ва инновацион ечимлар ғаллачилик соҳасининг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали юқори ва сифатли ҳосил олиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш аграр тармоқ рақобатбардошлигини ошириш имкониятини яратади.
Абдураззоқ Ризаев,
“Севолтепа равнақи” фермер хўжалиги раиси,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.
ЎзА