“Илк ривожланиш маркази” масъуллар эътиборида
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси масъуллари Пискент туманидаги Махсус интернат мактабидаги шароитлар билан яқиндан танишилди. Тарбиячиларнинг таклифлари тингланди.
Шунингдек, масъуллар Оққўрғон туманидаги Махсус интернат мактабида ҳам бўлди. Ўрганишлар давомида мазкур мактабда болаларга берилаётган озиқ-овқат сифати кўздан кечирилди. Мавжуд имкониятлар юзасидан мутасаддилар билан фикр алмашилди. Куннинг иккинчи ярмида Қуйи Чирчиқ туманидаги 10-сонли умумтаълим мактабида янгидан ташкил этилаётган “Илк ривожланиш маркази”даги бунёдкорлик ишлари юзасидан мутасаддилар билан фикр алмашилди.

Мазкур марказ Президентимизнинг 2024 йилда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари ижроси ҳамда Тойлоқ педагогика коллежи негизида ташкил этилган “Илк ривожланиш маркази” намунаси асосида ташкил этилмоқда.
Ҳудуддаги мулоқотлар давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси вакилларига Қуйи Чирчиқ туман ҳокими Акмал Холмуродов ҳамроҳлик қилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу “Илк ривожланиш маркази”да уч ёшдан олти ёшгача бўлган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган оила фарзандлари учун замонавий шароитлар йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг 1 март санасидан ишга тушади. Шунингдек, педагоглар томонидан болалар учун ақлий ривожлантириш машқлари, турли машғулотлар ўтказилади. Мазкур марказга 240 нафар болажонга таълим-тарбия бериш ва бу каби марказларни Бўка, Зангиота ҳамда Қибрай туманида ташкил этиш режалаштирилган.
Бундай хайри ташаббус натижасида ёлғиз оналар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва имконияти чекланган оила фарзандларига кўмаклашиш мақсад қилинган.

А.Мусаев, ЎзА