Илк бор Ироқ Туркман фронти вакили ҳоким этиб тайинланди
Киркук вилояти кенгаши Ироқ Туркман фронти ("Туркоман" ҳам дейилади) президенти Муҳаммад Саманни янги ҳоким этиб сайлади.
Тайинлов тарихий воқеа бўлди. Туркман жамоаси қарийб бир асрдан бери биринчи марта вилоят ҳокимлигини зиммасига олди.
Ушбу қарор ҳоким Рибвор Таҳо истеъфосидан сўнг қабул қилинди. Овоз бериш Киркукнинг асосий жамоалари – курдлар, араблар ва туркманлар ўртасида навбат билан ҳокимиятни бошқариш бўйича эришилган келишувнинг бир қисмидир. Яъни, ҳудудни бошқариш ҳуқуқи этник гуруҳлар ўртасида алмашиб туриши керак. Лавозимни туркман томонига ўтказишни назарда тутадиган мазкур ташаббус кенгаш қарори билан тасдиқланди.
Ушбу давлатдаги туркман жамоасини ифодаловчи сиёсий ҳаракат ҳисобланган Ироқ Туркман фронти 1995 йил ташкил этилган. Бу гуруҳ 2003 йил Саддам Ҳусайн ағдарилгандан буён вилоят назоратини талашиб, минтақа туркманларга тегишли эканини даъво қилиб келади.
Мамлакатнинг шимоли-шарқий ва марказий қисмида яшовчи туркий халқ – Ироқ туркманлари ХI асрда минтақага ўрнашиб олган ўғуз қабилаларидан тарқалган ва ўзларини Қора қуюнли ва Оқ қуюнли минтақалари меросхўри ҳисоблашади.
Туркманлар Ироқда араблар ва курдлардан кейин учинчи йирик этник гуруҳдир.
С.Раҳимов, ЎзА