Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон – Финляндия педагогика институтининг илк битирувчиларига диплом топшириш маросими ўтказилди.
– Давлатимиз раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгилаб берилган вазифалар асосида қисқа вақт ичида институтимизда Финляндиянинг педагог кадрлар тайёрлашдаги илғор тажрибаси асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди, – дейди Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова. – Жумладан, ўзбек тили ва адабиёти, мактабгача ва бошланғич таълим, физика ва астрономия, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, кимё, биология, тарих, психология, жисмоний маданият каби бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари очилди. Айни пайтда илм даргоҳимизда 9 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бугун илк бор 526 нафар бакалавр, 9 нафар магистр мутахассисларимизга диплом топшириб, уларга мустақил ҳаётга йўлланма беряпмиз. Бу ёшлар биринчи қалдирғочларимиз сифатида юртимизда педагогик таълимни ривожлантириш, ёш авлодга замон талабларига мос таълим-тарбия беришга муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз.
Битирувчилар санъатшунослик, жисмоний маданият, спорт ва мактабгача таълим факультетларида уч йил давомида педагогик билим ва маҳоратни ўрганиб, эндиликда таълим муассасаларида фаолият олиб боради. Таъкидланишича, институт битирувчиларининг 86 фоизи иш билан таъминланган.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари