
Адабиёт халқнинг юраги, маънавияти, миллий қиёфасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган Адиблар хиёбони миллий адабиётимизни халқимиз, айниқса, ёшлар юрагига олиб киришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида талаба-ёшлар учун таъсис этилган "Илҳом" мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилаётган адабиёт байрами ҳафталиги доирасидаги ушбу тадбирга ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов тадбирни очар экан, ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб турувчи ушбу хиёбон миллий адабиёт равнақи йўлидаги эзгу ишларнинг бир қисми эканини алоҳида таъкидлади.
[gallery-2474]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги тегишли қарори асосида таъсис этилган ушбу мукофот юртимиз адиб ва шоирлари ижодини ўрганишда фаоллик кўрсатаётган, ўз ижодий-илмий ишлари билан кўпчиликка намуна бўлаётган ёшларимизга топширилиши кўзда тутилган. Мазкур ташаббус олий таълим муассасаларида шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини чуқур ўрганишни самарали ташкил этиш, ёшларнинг адабиётга қизиқишини янада ошириш, уларни китоб ўқишга даъват этиш ва шу асосда ёшларнинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришдек мақсадларни кўзлайди.
"Илҳом" мукофоти бўйича ташкил этилган танловда 80 та олий ўқув юртидан талабалар фаол қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев Президентимизнинг адабиётга қаратаётган эътибори бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйганини таъкидлади.
Танловнинг илк рағбатлантирувчи мукофот соҳиблари эълон қилинди. Урганч давлат университети 1-босқич магистранти Акбар Отабоев ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети 3-босқич талабаси Мадина Қаҳҳорова илк рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА