Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илғор пиллакорнинг меҳнати эътироф этилди

Боёвут туманининг Ифтихор маҳалласида истиқомат қилаётган Зулайҳо Бўтаева Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятининг кўп йиллик тажрибага эга пиллакори сифатида нафақат юқори иш натижалари, балки соҳада илғор ёндашувларни жорий этиб келаётгани билан ҳам ажралиб туради. Унинг фидокорона меҳнати муносиб эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

–   Рости, бу мен учун, қолаверса, оила аъзоларим учун ҳам кутилмаган янгилик бўлди, –  дейди илғор пиллакор. – Бунинг учун, аввало, давлатимиз раҳбарига ташаккур. Оддий қишлоқда яшайдиган, оддий бир аёлга кўрсатилган бундай эътибор катта рағбат бағишлайди.

Тўғрисини айтганда, пиллачилик ҳам қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари каби катта эътибор ва меҳнат талаб этадиган соҳалардан бири бўлиб, экспортбоп ва юқори қўшимча қиймат яратадиган йўналишлардан ҳисобланади. Ипак хом ашёсидан тўқимачилик, тиббиёт, косметология ва ҳатто биотехнология соҳаларида кенг фойдаланилади. Табиий ипак толаси мустаҳкамлиги, енгиллиги ва экологик тозалиги билан ажралиб туради. Шу боис жаҳон бозорида табиий ипак маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда.

– Ипак қурти селекция йўли билан маданийлаштирилган ҳашарот бўлиб, унинг ҳаёт цикли тухум, қурт, қуғурчак ва капалак босқичларидан иборат, – дейди тажрибали пиллакор.  –  Қурт босқичида у 25–28 кун давомида фаол озиқланади ва шу муддатда ўз вазнини минг бараваргача оширади. Шу жараёнда сифатли ва серҳосил пилла олиш учун озуқанинг тўйимлилиги, ҳарорат, намлик ва шамоллатиш режими муҳим аҳамиятга эга.

Зулайҳо Бўтаева 43 йиллик меҳнат фаолияти давомида ипак қуртини парваришлашнинг барча босқичларини пухта ўзлаштирган. У 1987 йилдан буён мазкур йўналишда самарали меҳнат қилиб келмоқда. Айниқса, ипак қуртини плёнка остида парваришлаш усулини амалиётга кенг жорий этгани юқори самара бермоқда.

– Ушбу усул озуқанинг намлигини сақлаш, баргларнинг қуриб қолишининг олдини олиш ва ҳароратни барқарор ушлаб туриш имконини беради. Натижада қуртлар бир хил ривожланади, касалланиш ҳолатлари камаяди ва пилланинг сифат кўрсаткичлари яхшиланади. Агар аввал бир дона пилланинг ўртача оғирлиги 1,5–2,6 граммни ташкил этган бўлса, ушбу усул орқали унинг вазнини 3–4 граммгача етказиш мумкин. Буни ўз ҳаётий тажрибамга таянган ҳолда айтяпман,  –  дейди Зулайҳо.  

Пиллакор меҳнат қилаётган “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2023–2025 йилларда 4 740 қути ипак қурти парваришланиб, 261,6 тонна юқори сифатли пилла етиштирилди. Шартнома режалари 100–110 фоизга бажарилди. Бу натижалар агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, тутзорларни тўғри парваришлаш, қуртларни саралаш ва озиқлантириш режимини қатъий назорат қилиш, шунингдек, тажрибали пиллакорларнинг меҳнати самарасидир.

Пиллачилик ривожи, аввало, сифатли тут баргига боғлиқ. Ипак қурти ягона озуқа сифатида тут баргини истеъмол қилади. Шу боис тутзорларни янгилаш, серҳосил навларни экиш ва агротехник парвариш ишларини ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Зулайҳо Бўтаева тумандаги эскирган ва унумсиз тутзорларни янгилаш, бўш ерларда янги тутзорлар барпо этиш ишларида ташаббускорлик кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда минглаб кўчатлар экилиб, хом ашё базаси мустаҳкамланди. Бу эса пиллачиликнинг барқарор ривожига мустаҳкам замин яратмоқда.

Корхонада 6 нафар пиллачи меҳнат қилади. Зулайҳо уларга агроном сифатида маслаҳат бериб, иш жараёнини мувофиқлаштириб боради. Ҳар йили 1 580 қути ипак қуртини етиштириб, 1 590 та хонадонга тарқатади ва уларда парвариш жараёнини доимий назорат қилиб боради. Натижада режалар 118–122 фоизга ошириб бажарилмоқда.

Унинг ташаббуси билан 2025 йилда корхонада касб-ҳунар ўқувчилари учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди. Натижада 5 нафар битирувчи қиз доимий иш билан таъминланди. Бу эса соҳада кадрлар захирасини шакллантириш ва ёш авлодни пиллачиликка қизиқтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тажрибали пиллакор ҳар йили ўз хонадонида 4 қути ипак қурти боқиб, ҳар бир қутидан ўртача 90–110 килограммдан ҳосил олишга эришмоқда. Бу унинг амалий тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва соҳани чуқур билишидан далолат беради.

Фаол жамоатчи сифатида у маҳалла ҳаётида ҳам ибрат кўрсатмоқда. Ободонлаштириш ишларида хотин-қизларни бирлаштириб, сўнгги уч йилда 7 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилишига бош-қош бўлди. Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар натижасида бир нечта оилалар яраштирилди.

Бугунги кунда пиллачиликни кластер усулида ривожлантириш, рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш, селекция ишларини кучайтириш, юқори маҳсулдор гибрид ипак қурти зотларини етиштириш каби вазифалар долзарб бўлиб турибди.

Зулайҳо каби тажрибали мутахассислар илмий ёндашув ва амалиёт уйғунлигини таъминлаган ҳолда соҳада юқори натижаларга эришиш мумкинлигини амалда исботлаб келмоқда. Унинг меҳнати, илғор тажрибаси ва устозлик мактаби пиллачиликнинг барқарор ривожи ҳамда юртимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишда муҳим ўрин тутади.

Энг муҳими, тажрибали пиллакор бой амалий тажрибаси ва пилла етиштириш технологияси соҳада ўрганишга арзийдиган кўплаб жиҳатларни қамраб олади. У бу даражага узоқ йиллар давомида олиб борган фидокорона меҳнати, изланишлари ва ипак қуртидан янада кўпроқ ҳамда сифатли пилла олишга қаратилган саъй-ҳаракатлари орқали эришди. Буни нафақат у фаолият юритаётган корхона жамоаси, балки боёвутликлар ҳам жуда яхши билишади ва қадрлашади.

– Бу йилги режаларим янада катта, – дейди Зулайхо Бўтаева. – Давлатимиз раҳбарининг менга билдирган ишончи катта куч ва илҳом бағишлади. Шу боис ўз олдимга янада юксак марраларни белгилаганман. Янада кўпроқ ва сифатли пилла етиштириш, ёшларга ўз тажрибамни ўргатиш ниятидаман. Ишонаманки, қўйган мақсадларимга албатта эришаман.

Тажрибали пиллакорнинг ўз юртига садоқати, ишига бўлган муҳаббати, илғор тажрибани амалиётга татбиқ этишдаги фаоллиги ва ёшларга устозлик қилишга бўлган интилиши пиллачилик соҳасининг барқарор ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай фидойи инсонлар меҳнати эса нафақат тармоқ тараққиётига, балки юртимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири