Яқинда Ангрен шаҳридаги "А.C.И." МЧЖга тегишли автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчасида назорат тадбири ўтказилди.
Унда аниқланишича, шохобчадаги электр ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказилиб, электр энергиясидан ўғринча ишлатиб келинган.
Ушбу қоидабузарлик туфайли электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 111 миллион сўм миқдорида иқтисодий зарар етказилган. Ҳозир ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида иккита АЁҚШда автобензин давлат стандартларига мос келмаслиги ҳолати аниқланди.
Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги “Н.Р.С.” МЧЖ ва Бўстонлиқ туманидаги “Д.” МЧЖга қарашли АЁҚШлардан олинган АИ-95-русумли автобензин лаборатория таҳлилида сифати давлат стандартларига мос келмаслиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатларга кўра, қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар, уларнинг биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА