Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, муборак Рамазон ойи муносабати билан “Нуроний” уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари, сенатор Ўктамжон Охунов бошчилигида бир гуруҳ нуронийлар Марҳамат тумани Пахтакор маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Иминжон ота Темиров хонадонида бўлди.
Бугун ўзининг қутлуғ 100 ёшини нишонлаётган Иминжон ота Темиров Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган мард ва жасур юртдошларимиздан биридир.

Бугунги тинч, дориламон, нурафшон кунларга етишимизда жанггоҳларда ўлим билан юзма-юз келиб, душманни ер тишлатган, ғалаба билан юртга қайтган, кейин эса юртни тиклаш, ҳаётимиз фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилган Иминжон ота Темиров сингари нуронийларнинг хизматлари беқиёс. Уларни ҳар қанча эъзозласак, ҳурмат кўрсатсак камлик қилади.

Ташриф давомида нуронийлар Иминжон ота билан дилдан суҳбат қурди. Уруш хотиралари ёдга олинди.
“Нуроний” уюшмаси Андижон вилояти бўлими номидан Иминжон отага совға-саломлар топширилди.

Эл-юрт, маҳалладошлар, фарзанд ва набиралари ардоғида, кексалик гаштини суриб умргузаронлик қилаётган Иминжон ота юртимизда кексаларга, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва йўқловлардан мамнун эканлигини билдирди.
Уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний кексаларни йўқлашдек бу каби хайрли ишлар Андижоннинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари