Қирғизистон Республикасининг Ўш области Аравон райони ҳамда Андижон вилояти Марҳамат туманини боғлаб турувчи “Мингтепа” чегара пости очилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами куни очилган “Мингтепа” чегара пости нафақат чегара ҳудудида яшовчи аҳоли, умуман, андижонликлар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, қирғизистонлик меҳмонлар иштирокида чегара пости очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда Ўш области губернатори ўринбосари Уристем Манапов барчани Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаларининг мустақиллик байрами билан муборакбод этди. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ташаббуси билан икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик, савдо-сотиқ кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги таъкидланди.
[gallery-13396]
Шундан сўнг меҳмонлар, меҳнат фахрийлари иштирокида аввал Ўзбекистон, кейин эса Қирғизистон чегара постларининг ленталари кесилди. Чегаранинг ҳар икки томонида янграган карнай-сурнай садолари, ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар, одамларнинг хурсандчилиги тадбирга ўзгача файз киритди.
Мазкур чегара постининг очилиши энг аввало, чегара ҳудуди аҳолисига катта қулайлик яратади, қолаверса, икки қўшни халқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди.
Йигирма йил аввал ёпилган мазкур чегара пости бугун яна фаолиятини бошлади. Капитал таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бу ерда аҳоли ва транспорт воситаларининг белгиланган тартибда чегарадан эркин, ортиқча қийинчиликларсиз ўтиши учун зарур барча шароитлар яратилди. Энди юртдошларимиз, айниқса, Андижон вилоятининг Марҳамат, Асака, Шаҳрихон, Фарғона вилоятининг Қува туманлари аҳолиси Қирғизистонга бориш учун узоқ йўл босиб юрмайди.
Бугун шунингдек, Қирғизистон Республикаси Жалолобод области билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи Хонобод шаҳридаги “Хонобод” ҳамда Қирғизистоннинг “Бекобод” чегара постлари ҳам ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур чегара пости очилишида ҳам икки қўшни вилоят раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА