Жорий йилнинг 5 июнь куни футбол бўйича Осиё қитъаси доирасида "Жаҳон чемпионати–2026"нинг 3-саралаш босқичи доирасидаги 9-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Мазкур беллашувларда нафақат Ўзбекистон миллий терма жамоаси, балки юртимизнинг тажрибали ҳакамлари ҳам иштирок этади.
Аниқроқ айтганда, ушбу тур доирасидаги икки муҳим учрашувни ўзбекистонлик ҳакамлар бевосита бошқариб борадилар.

Жумладан, “С” гуруҳидан ўрин олган Индонезия — Хитой терма жамоалари ўртасидаги учрашувни Рустам Лутфуллин бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга қанот ҳакамлари сифатида Санжар Шоюсупов ва Алишер Усмонов ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Аскер Нажафалиев бажаради. VAR ва AVAR тизимларида эса Фирдавс Норсафаров ҳамда Абдурашид Худойберганов фаолият юритади.
Шунингдек, шу гуруҳ доирасидаги Баҳрайн — Саудия Арабистони учрашувида Ильгиз Танташев бош ҳакам сифатида иш олиб боради. Қанот ҳакамлари — Андрей Сапенко ва Темур Гайнуллин, тўртинчи ҳакам эса Акобирхўжа Шукруллаев этиб тайинланган. VAR ва AVAR вазифалари Аҳрол Рисқуллаев ҳамда Бахтиёрхўжа Шавкатов зиммасига юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, шу куни “А” гуруҳидан ўрин олган БАА — Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув соат 21:00да старт олади.
Айни вақтда Тимур Кападзе бошчилигидаги миллий терма жамоамиз ушбу беллашувга жиддий тайёргарлик кўриш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА