Бугунги кунда автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда. Аммо ушбу фаолиятнинг ҳам ўз тартиб ва қоидалари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1015-сон қарори билан тасдиқланган “Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом”га кўра, транспорт воситаларини ижарага бериш фаолияти билан фақат қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши ва ижарачидан, албатта, тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилиши шарт. Бироқ, амалда бу талабларга ҳар доим ҳам риоя этилмаяпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов мамлакатимизда автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга ошириш ҳолатлари ва бунинг натижасида келиб чиқаётган оғир оқибатлар юзасидан жиддий ташвиш билдириб, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Маҳкамов ҳамда ички ишлар вазири А.Тошпўлатовга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда “Адолат” СДП матбуот хизмати маълум қилди.
Депутат сўровида сўнгги йилларда фуқароларга сифатли сервис хизматини кўрсатиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, айрим “тадбиркорлар” инсон ҳаёти ва соғлиғидан ўз манфаатларини устун қўйиб, белгиланган қоидаларни четлаб ўтаётганига эътибор қаратди.
Бунга мисол сифатида сўнгги кунларда Наманган вилоятида юз берган бир қатор аянчли ҳодисалар келтирилган. Маълум бўлишича, “Namangan yezda moshina” каби телеграм гуруҳлари орқали юқоридаги қарор талабларига зид равишда, ҳатто вояга етмаган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга ҳам автомобиллар ижарага берилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, оғир йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, 2024 йил 2 октябрь куни Наманган шаҳрида 5 нафар ўқувчига ноқонуний ижарага берилган “Жентра” автомашинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида уч нафар ўсмирнинг ҳаётдан бевақт кўз юмгани ачиниш билан қайд этилган.
Депутат бундай ноқонуний фаолият мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учраётган бўлиши мумкинлиги ва уларнинг ҳаракатларига ўз вақтида ҳуқуқий баҳо берилмаслиги янада мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Шу муносабат билан депутат Дилмурод Исмоилов транспорт вазири ва ички ишлар вазиридан бир қатор масалаларга ойдинлик киритишни сўраган.
Хусусан, автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга оширувчи шахсларни барвақт аниқлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда? Иккинчидан, аниқланган қонунбузарларга нисбатан қандай чоралар кўрилмоқда? Учинчидан, бу каби ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Тўртинчидан, мазкур масала юзасидан вазирларнинг шахсий нуқтаи назари қандай?
Халқ вакилининг ушбу сўрови қонун устуворлигини таъминлаш баробарида аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилгани билан эътиборга молик.
Муҳтарама Комилова тайёрлади.
ЎзА