Икки карра Параосиё ўйинлари ғолиби Мадина Мухторова Ғаллаоролда тантанали кутиб олинди
Япониядаги V Параосиё ўйинлари ғолиби Мадина Мухторова Ғаллаоролда 2026 йилнинг 28 октябрь куни тантанали кутиб олинди.
Мадина Мухторованинг халқаро майдондаги муваффақияти юртимизда параспортни ривожлантириш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Спортчи Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган V Параосиё ўйинларида параенгил атлетика бўйича икки олтин медални қўлга киритди. У ядро улоқтириш баҳсида 9,1 метр натижа қайд этиб, дастлабки маълумотларга кўра Осиё рекордини ҳам янгилган.
Ғаллаоролдаги маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг чемпионга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Мадинанинг ота-онасига фарзанд тарбияси ва унинг спортдаги ютуқларига қўшган ҳиссаси учун ташаккур билдирилди.

Спортчининг онаси Ҳулкар Ўсарова юртимизда спортчиларга яратилаётган имкониятлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.
Президентнинг 2025 йил 11 декабрдаги қарори билан паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва инфратузилмани мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган.

Бу йўналишдаги ишлар ёш спортчиларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши учун муҳим замин яратмоқда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири