Икки элни икки дилни бирлаштирган ижодкорлик
Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги “Қутайба ибн Муслим” зиёратгоҳида ўзбек ва қирғиз ёзувчилари китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Қирғиз миллий-маданий маркази Андижон вилояти бўлими, бир гуруҳ ўзбек, қирғиз ижодкорларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан ташкил этилган тадбирда юртимиз ва қирғизистонлик ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Иштирокчи ва меҳмонлар дастлаб, “Қутайба ибн Муслим” зиёратгоҳида амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан танишиб, қуръон тиловат қилинди.
Тадбир очилишида сўз олган Қирғиз миллий-маданий маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Обиджон Носиров, ёзувчи ва журналист Шукрулло Жалил ва бошқалар ўзбек ва қирғиз халқлари, айниқса, икки халқ ижодкорлари ўртасида дўстлик, ижодий ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.

Иштирокчилар Ўш вилоятида яшаб, ижод қилаётган адиб ва таржимон Абдунаби Жунусовнинг “Саҳабалардин жолун уланткандар” (“Саҳобаларнинг йўлин тутганлар”), “Ислам Динибиздин Орто Азияга тарқалишы” (“Ислом динининг Ўрта Осиёга тарқалиши”), андижонлик ижодкорлар Шукрилло Жалилнинг “Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи”, “Қўмондон”, Олимжон Раҳимовнинг “Қутайба ибн Муслим” номли китобларининг мазмун-моҳияти, тарбиявий ва тарихий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Ривоятларда Ислом динининг Марказий Осиёга тарқалиши бевосита Қутайба Ибн Муслим (р.а.) номи билан боғланади. Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (р.а.) (660 - 715) йирик ислом фотиҳларидан, ҳарбий саркарда, йирик лашкарбоши бўлган. Милодий 706 йилда халифа Юсуф Ҳажжож Абдумалик ибн Марвон фармони билан Хуросон амири лавозимига тайинланган ва унга Мовароуннаҳрни фатҳ этиш вазифаси юклатилган. Қутайба (р.а.) 706-713 йилларда тўлиқ ғалаба қилиб, ўлкага ислом динини олиб кирди ва уни мустаҳкамлиги учун замин яратади.

Юқоридаги китобларда Қутайба Ибн Муслим(р.а.)нинг юришлари, унинг номи ва фаолияти билан боғлиқ ривоятлар, Жалақудуқ тумани Қиличмозор маҳалласидаги Қутайба ибн Муслим (р.а.) номи билан аталувчи зиёратгоҳ, мақбара, ушбу зиёратгоҳда олиб борилган қурилиш, ободонлаштириш ишлари, ана шу хайрли ишга бош бўлган инсонлар ҳақида кенг маълумотлар берилган.
Тарихчи Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Қутайбанинг қабри Фарғона (водий)да машҳур бўлиб, “Работи сароханг” деган жойда “Кох” деб аталадиган (ҳозирги Қиличмозор) бир қишлоқда. Одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар” деб ёзилган.
Ўзбек ва қирғиз ижодкорларини бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилган ушбу тадбирда икки халқ ижодкорлари бир-бирларига китоблар ва эсдалик совғалари улашди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.