ИИВ: уч ойда 12 нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди
Мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар ижроси юзасидан соҳавий ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов бошқарган мажлисда авфсизликни таъминлаш, ички ишлар органлари фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўтган уч ой давомида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштиришга оид 4 қонун, 1 фармон ва 9 муҳим қарор қабул қилинди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган хизмат натижадорлигини янада ошириш ва юртдошларимиз осойишталигини таъминлаш борасидаги Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган янги тажрибаларни ўрганиш мақсадида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари пойтахтимизга ташриф буюрди.
Ҳайъат йиғилишида 2026 йилнинг дастлабки уч ойида республика ҳудудидаги криминоген вазият, содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этиш, ташаббус билан аниқлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, биринчи чоракда олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 83,8 фоизи фош этилиб, жабрланган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш таъминланган. Жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи эса 37,1 фоизга яхшиланган.
Суд ва тергов органларидан яшириниб, жавобгарликдан қочиб юрган қидирувдаги 2 минг 193 нафар шахс қўлга олинган. Бедарак йўқолган 1 минг 187 нафар шахснинг ҳаёти хавфли вазиятлардан сақлаб қолинди ва оила аъзоларининг бағрига қайтарилди.

Йиғилишда иштирок этган масъуллар томонидан келтирилган ҳисоботларга кўра, уч ой давомида олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида ноқонуний муомаладаги 872 кг. гиёҳвандлик моддалар ва 296 минг 851 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олиниб, 12 нарколаборатория фаолиятига чек қўйилган.
Вазирлик тизимида 2026 йил “Кибержиноятларга қарши курашиш йили” деб белгиланиб, ўтган уч ой давомида 3 минг 554 кибержиноят фош этилди. 1 минг 125 жиноят аниқланди ва 5 мингдан ортиқ фуқарога етказилган қарийб 50 миллиард сўм моддий зарар қайтарилди.
Тезкор-қидирув тадбирлари билан бирга маҳалла жиноятчилигини бартараф этиш бўйича йўлга қўйилган илмий ёндашув самара бераётгани рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ўтган уч ойда республикадаги 8 минг 992 маҳалланинг 7 минг 309 таси “яшил” тоифада қолиб, бирорта ҳам жиноят содир бўлмади. 99 туманда эса бирорта “қизил“ тоифадаги маҳалла қайд этилмади.
Тадбирда мурожаатлар билан ишлаш натижадорлигини оширишга алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўтган уч ойда вазирлик тизимига 100 минг 742 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 68 минг 751 таси қаноатлантирилган. 11 минг 834 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ҳудудларда шахсий ва сайёр қабулларни шахсан биринчи раҳбарлар томонидан ўтказилиши, ҳар бир мурожаат юртдошларимизнинг муаммоларини акс эттиришини тўлиқ англаган ҳолда бу борада тизимли иш фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Фуқароларга хизматларни қулай, тез ва самарали етказиш, ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш мақсадида вазирлик томонидан 59 давлат хизмати кўрсатилган. Шундан 48 таси электрон, 11 таси анъанавий тарзда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг уч ойида ички ишлар органлари томонидан фуқароларга 1,5 миллионга яқин давлат хизматлари электрон тарзда кўрсатилган.
Тадбирда хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилган бўлса, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Жиноятчиликни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳани рақамлаштиришда сусткашликларга йўл қўяётган бўлинмалар фаолияти кескин танқид қилиниб, масъулларга зарурий чора-тадбирларни ўз вақтида кўриш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА